Ер эгалари ер олиб қўйилиши ҳақида неча ой олдин хабардор этилиши шарт?

Ўзбекистон 10:14 / 23.04.2019 15800

Ерни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳақидаги қарор қабул қилинганда туман (шаҳар) ҳокимликлари ер эгаларини ер олиб қўйилишидан камида 6 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши шарт. 

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан ер участкаси олиб қўйилиши ва ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас.

Тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш ҳамда уларнинг қийматини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шунингдек суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар ва иншоотлар қиймати тўланмайди.

Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда уй-жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ва вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига кўра ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ёки кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш;

янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш.

Кўпроқ янгиликлар