Украинада сайловнинг якуний натижаси эълон қилинди

Жаҳон 19:50 / 23.04.2019 17594

Владимир Зеленский Украина президентлиги учун сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссияси протоколларнинг 100 фоизи қайта ишлаб чиқилган ҳолатдаги якуний натижаларни эълон қилди, унга кўра Зеленский 73,22 фоиз овоз олишга эришган. Амалдаги президент Пётр Порошенко 24,45 фоиз овоз билан кифояланган.

Украина МСК маълумотига кўра, сайлов бюллетенларининг 2,31 фоизи ҳақиқий эмас деб топилган.

Президентлик сайловининг иккинчи турида давомат 61,37 фоизга тенг бўлган.

Қайд этилишича, бу Украина тарихида бир номзод бу қадар яққол устунлик билан ғалаба қозонган илк сайлов бўлди. Бунгача бу борадаги энг яхши натижани 1991 йилги сайловларда ғолиб бўлган Леонд Кравчук қайд этганди - у 61,59 фоиз овоз билан Украинанинг биринчи президентига айланган. Унинг асосий рақиби Вячеслав Чорновол 23,27 фоиз, яна бир номзод Левко Лукьяненко 4,49 фоиз овоз олган.

Владимир Зеленский дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари, жумладан, АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Канада, Польша, Австрия, Венесуэла, Арманистон ва Литва раҳбарларидан табрикларни қабул қилиб олди. Россия президенти ва МДҲнинг бошқа давлатлари раҳбарлари ҳозирча Зеленскийни сайловдаги ғалаба билан табрикламади.

Украинада президентлик сайловларининг иккинчи туридан кейин учта минтақада раҳбарлар истеъфо берди - Львов, Николаевская ва Закарпатская областлари.

Кўпроқ янгиликлар