Сергели тумани хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича намунавий ҳудудга айлантирилади

Жамият 23:11 / 23.04.2019 3025

23 апрель куни Тошкент шаҳридаги Сергели туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирокида хотин-қизлар масалалари бўйича ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида намунавий ҳудудга айлантириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz’га шу ҳақида хабар берди. 

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Президент томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг бешинчи йўналиши - хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан Сергели туманида уйма-уй юриш орқали ишсиз хотин-қизларни рўйхатини шакллантириш, тумандаги мавжуд бўш иш ўринларига, янги очиладиган корхоналарга хотин-қизларни малакаларини тоифаларга бўлиш орқали ишга жойлаштириш масалаларини жойида ҳал этиш борасида маҳалла мутахассислари жалб этилди.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Шунингдек, тумандаги оғир ижтимоий аҳволда яшаётган оилалар учун ажратилган хонадонларга ташриф буюрилди. Уларнинг ҳолидан хабар олинди. Янги уй жойлар атрофида хотин-қизлар учун яратиладиган корхоналар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги аёлларга имтиёзли кредитлар ажратиш борасида амалга ошириладиган ишлар режалаштирилди. Сергели туманидаги Чоштепа маҳалласида фаолият бошлаган аёллар реабилитация маркази ҳамда «Дарё бўйи» маҳалласидаги ногиронлиги бор оилаларнинг ҳолидан хабар олинди.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати
Кўпроқ янгиликлар