Қозоғистон президенти қозоқ тилини билишга имтиҳон топширди 

Жаҳон 20:41 / 23.04.2019 12097

Қозоғистон президенти, ҳукмрон “Нур Отан” партиясидан марказий сайлов комиссиясига президент сайловлари учун номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза берган Қосим-Жомарт Тоқаев давлат тили, яъни қозоқ тилини билиш бўйича имтиҳон топширди.

“Биз, эҳтимол, энг асосий даъвогар – амалдаги Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевдан имтиҳон қабул қилдик. У давлат тилини мукаммал билади”, деб хабар қилган лингвистик комиссия раиси Мирзатой Жолдасбеков.

Давлат тилини эркин билиш Қозоғистон президенти лавозимига номзод сифатида қайд қилиниш учун мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, Қозоғистон қонунчилигига кўра, номзод Қозоғистонда туғилган, охирги 15 йил мамлакатда яшаган, олий маълумотли ва 40 ёшдан кичик бўлмаслиги керак. У, шунингдек, камида 5 йил давлат иши ёки давлат лавозимларида ишлаган бўлиши лозим.

Қозоғистонни деярли 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 20 март куни президент ваколатларини топширди. Унинг ўрнини бунгача парламент сенати раиси бўлган Тоқаев эгаллади. 23 апрелда “Нур Отан” партияси қурултойида Назарбоев 9 июнда ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловларида иштирок этиш учун Тоқаев номзодини илгари сурди.

Кўпроқ янгиликлар