Ўзга юртда ҳалок бўлаётган ўзбек фарзандлари — бу каби фожиаларнинг омилларига қачон барҳам берилади?

Жамият 19:30 / 23.04.2019 21018

20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Қордай тумани ҳудудида «Чимкент-Олмаота» трассасининг 181-километрида автобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ҳалок бўлди ва 13 нафар ўзбекистонлик жароҳатланди.

Афсуски, бу каби ҳодиса биринчи марта кузатилаётгани йўқ. 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган даҳшатли фожиа тафсилотларидан хабардормиз. Ўшанда Қозоғистонда йўловчи автобуси ёниб кетган ва Россияга иш излаб кетаётган 52 ўзбек ўғлони ҳалок бўлганди. 

Ўшанда фожиа ҳақида билиб, бутун ўзбек халқининг қалби ларзага келган бўлса, унинг тафсилотлари аниқ бўла бошлагач, ушбу ғам янада оғирлашганди. Айниқса, автобус ичида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг рўйхати эълон қилингач, барчанинг юраги қон бўлди. Уларнинг орасида маҳалладошлар, ота-бола, ака-укаларнинг борлиги ҳар қандай инсоннинг юрагини эзди, кўзларини ёшлантирди. Ота-оналар фарзандидан, фарзандлар ота-онадан, кимлардир акалари ёки укаларидан, неча нафар муштипар суянган тоғидан айрилди.

2017 йил 22 июндаги Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ичида Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси бўлган автобус ағдарилиши натижасида 9 киши ҳалок бўлган эди.

2017 йил 8 октябрда Россиянинг Владимир областида ичида 58 ўзбек кетаётган автобус темир йўл устида тўхтаб қолди ва поезд автобусни уриб кетиши оқибатида 17 киши, икки ёш бола ҳалок бўлди. Ачинарлиси, бу каби мисоллар талайгина.

Жамбулда содир бўлган навбатдаги ҳалокат юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу каби фожиаларнинг сабаблари, бунга ким айбдор, деган саволларга жавоб изланмоқда, турли фикрлар билдирилмоқда.

Юртимиздаги мавжуд ишсизлик, авиа ва поезд чипталарининг қимматлиги, таълим тизимидаги камчиликлар, қишлоқларда тирикчилик учун етарли шароит йўқлигини асосий сабаблар сифатида кўриш мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида 52 нафар ўзбек фарзанди ҳалок бўлишига олиб келган Ақтўбедаги фожиага муносабат билдириб, унинг асосий сабабларини очиб берганди.

«Бу фалокат ҳам одамга кўп нарсадан далолат беради. Халқимиз олдида ҳали жуда-жуда қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратиб бермаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлатчилик, давлат раҳбарияти нуқтаи назаридан, ҳамма тизимдаги раҳбарларга бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида ҳал қилмаганимиздан далолат. Шунинг учун улар бегона юртларда сарсон-саргардон. Бечора, уларнинг ҳам умиди бор эди, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб мана... Ёш-ёш йигитлар дейишяпти... Ҳаммаси ўзбекистонликлар... Албатта, жуда катта қайғудамиз, ота-оналарга ҳамдардлик юбордик», – деган эди давлатимиз раҳбари.

Ҳа, бу каби фожиаларнинг ҳали ҳам содир бўлаётгани юртимизда ҳали кўп соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилиши лозимлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Айниқса, миграция масаласига янада жиддий эътибор қилиш вақти келганлигини яққол намоён этди.

Фалокатга қандайдир омилларни сабаб қилиб кўрсатиб, жим ўтириш ярашмайди. Бунинг учун энди ҳамма ҳаракат қилиши керак. Барча соҳа раҳбарлари, мутасадди идоралар, таълим муассасалари, депутатлар, маҳаллалар раислари ва ҳаттоки шу юрт фарзандиман, деб ҳисоблайдиган оддий инсон ҳам.

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан бу каби фожиалар оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оилаларига ҳар томонлама зарур ёрдамлар берилмоқда. Бу яраланган кўнгилларга яқинларини қайтариб бера олмаса-да, муҳими, давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарлари бошига оғир мусибат тушган инсонларга ҳамиша ҳамдард ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигидан далолат. Аммо энди келгусида бундай аянчли воқеалар яна такрорланмаслиги учун муҳим қадамларни ташлаш зарур.

Ҳар уч-тўрт ойда  ўзга юртда турли сабабларга туфайли халқимиз фарзандларидан айрилаверишини кўриш, эшитиш оғирдир. Бунга барҳам бериш вақти келди, фикримча.

Барчамиз бу фожиа туфайли ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг ота-оналари, яқинлари, ғамини ҳис қилиб турибмиз, ҳамдардмиз. Хулосам ва истагим шуки, шундай ислоҳотлар, зарур чора-тадбирлар кўрилсинки, энди бу каби фожиалар туфайли кўзлардан ёш тўкилмасин.

Бардошбек САМАД ўғли

Кўпроқ янгиликлар