Депутат: «снос» можаролари давлатнинг ичида - судлар орқали ҳал қилиниши керак

Ўзбекистон 13:22 / 23.04.2019 12023

Кўпчилик Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевни аксар депутатлардан фарқли равишда жамиятдаги ўзгаришларга ўз шахсий муносабатини билдира оладиган ва фикрини ҳимоя қила оладиган депутат сифатида билади.

Яқинда Расул Кушербаев Тошкент шаҳридаги «снос» можаролари, уларга чет эл оммавий ахборот воситалари, айрим халқаро ташкилот вакиллари, дипломатлар ва ҳуқуқ фаоллари аралашаётгани бўйича шахсий муносабатини билдирганди.

Унинг бу чиқиши ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Мазкур масалани тўлиқ тушунтириб бериш мақсадида депутат Kun.uz сайтига мурожаат қилди. У билан шу ва бизни қизиқтирган бошқа мавзулар юзасидан фикр алмашдик.

Видео: Mover (ts-ix)

Видео: Youtube

«Кўпчиликка маълум, ҳозирда нафақат Тошкент шаҳрида, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам қурилиш-бузиш ишлари авж олмоқда. Лекин баъзи мансабдор шахслар томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ишлаб чиқилган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига амал қилинмаяпти.

Бу масала жамоатчилик ва биз депутатларнинг ҳам жиддий эътирозларимизга сабаб бўлмоқда. Маданий жамиятда бундай эътирозлар юзага келганда низолар суд тартибида ҳал этилиши керак. Судларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги масаласи қонунчилигимизга кўра, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тўлиқ таъминланган. Судьялар бундан қай даражада фойдаланмоқда – бу иккинчи масала ҳисобланади», дейди Кушербаев.

Депутатнинг фикрича, уйлар бузилиши билан боғлиқ можаролар давлатнинг ички иши ҳисобланади.

«Халқаро ташкилотлар мажбурий меҳнат, маҳкумлар билан муносабат, инсон ҳуқуқларининг сиёсий кўринишдаги бузилишлари билан боғлиқ масалалар ва бошқа шу каби муаммоларни муҳокама қилиши ҳамда ўзининг хоҳиш-иродасини билдириши мумкин. Лекин қурилиш ва бузиш билан боғлиқ муаммолар мамлакатнинг ичида ҳал бўлиши керак. Бу ички судлар орқали ечим топиши керак бўлган масала. Жар солиш шарт эмас.

Бундай масалаларни ўзимиз ҳам ҳал қила оламиз-ку деган маънода фикр ташлаган эдим. Чунки, бундай масалалар барибир мамлакат ички қонунчилиги асосида ҳал этилади. Шунингдек, амалиётда мана шундай «снос» билан боғлиқ масалалар халқаро ташкилотлар аралашуви билан ечим топганини ҳеч эшитмаганман.

Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаевни айбламоқчи эмасман. У мулкига куймоқда, истаган жойига мурожаат қилиши мумкин. Бироқ, эртага у мурожаат қилган халқаро ташкилотлар, дипломатлар ёки бошқалар унинг масаласини ростдан ҳам ижобий ҳал қила оладими? Ёрдам бера оладими? Албатта тадбиркор бунинг ҳисобини олиши керак», - дейди Расул Кушербаев.

У, шунингдек, яқинда Сергели туманидаги уйлар нархи ошишига бўлган жамоатчилик эътирозларига муносабат билдирди.

«Жамоатчиликнинг ўз фикри бўлиши керак. Уларнинг ҳар бир масалада уйғоқ бўлиши талаб этади. Шунда чет элдан келаётган инвесторлар ҳам чўчимайди. Адолатсизлик бўлса, мени ҳимоя қила оладиган жамият бор экан деган фикр вужудга келади ва қўрқмайди, иккиланмайди», дейди у.

Бундан ташқари, депутат Расул Кушербаев ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган «Ҳукуматнинг ҳам ҳокимиятнинг ҳам адвокати эмасман, адвокатлик қила олсам, фақат давлатнинг адвокати бўлишим мумкиндир» деган  фикрларига кенгроқ тушунтириш бериб ўтди.

Шу билан бирга, ўзининг ўтган депутатлик даври сарҳисоби, янги келган ҳоким эски ҳокимнинг қарорларини бекор қилиши, ҳокимларнинг судларда ютқазиб қўяётгани, айрим судьяларнинг журъатсизлиги, ижтимоий тармоқларда соғлом баҳсдан қочиб уни ҳақорат қилаётган шахслар, жамиятга ҳозирги кунда зарур бўлаётган «лоббист»ларга қарши қонун ишлаб чиқилиши ва бошқалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Тўлиқ тафсилотларни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Зафарбек Солижонов суҳбатлашди,
тасвирчи Мирвохид Миррахимов

Кўпроқ янгиликлар