Буёғи қандай кечади? Украина президентлиги сайловида актёрнинг ғалабаси янги саволларни туғдирди

Жаҳон 22:30 / 23.04.2019 45908

41 ёшли Владимир Зеленскийнинг ғалабаси Украинанинг амалдаги президенти, украинларни миллий рамзлар атрофида бирлаштиришга уриниб, ўзини Россия агрессиясига қарши турувчи раҳнамо сифатида гавдалантирган Петро Порошенко учун жиддий зарба бўлди.

Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенлари тўлиқ ҳисоблаб чиқилганидан кейин Зеленский 73,32 фоиз овоз билан ғолиб бўлганини расман эълон қилди.

Машҳур телесериалдаги ўйлаб топилган президент ролини ижро этган Зеленский қаршисида Ғарб ҳамда Қримни аннексия қилиб, шарқий ҳудудлардаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаб келаётган Россия қарама-қаршилигидаги майдонга айланган мамлакатни бошқариш вазифаси турибди.

Сайловнинг илк натижаларидан кейиноқ ғолиблиги маълум бўлиб улгурган Зеленский ўз штабида тарафдорлари олдида чиқиш қилди ва украин халқини уялтириб қўймасликка ваъда берди: «Ҳозирча мен расман президент эмасман, аммо мен Украина фуқароси сифатида собиқ иттифоқ давлатларига айта оламанки, бизга қаранг - иложсиз ишнинг ўзи йўқ!».

Мағлубиятини тан олган Порошенко эса сиёсатдан кетмаслигини айтиб, Зеленский кучли мухолифат билан тўқнашишидан огоҳлантирди.

Порошенко ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Кремль Зеленскийнинг ғалабасини нишонлаётгани ҳақида ёзди.

«Улар ўйлашмоқдаки, янги тажрибасиз президент билан Украина тезлик билан Россия орбитасига қайтади», деди у.

«Тўла мавҳумлик»
Сиёсий истеблишмент билан алоқалари йўқ бўлган Зеленский Украина шарқидаги урушга, шунингдек, жамиятдаги коррупцияга барҳам беришни, нархлар ўсиши ва аҳоли турмуш тарзи ёмонлашишига чек қўйишни ваъда қилди.

Аммо у бунга қандай эришмоқчилиги номаълум. У инвесторларни ҳақиқатан ҳам мамлакатга хорижий инвестициялар жалб этилиши учун ислоҳотлар ўтказишига ишонтира олиши керак.

«Бизда бўлажак президентнинг иқтисодий сиёсатга қандай ёндашиши ҳақида тасаввурга эга эмасмиз, биз шунчаки бехабармиз ва бу ҳолат иқтисодий ҳамжамиятни ташвишлантиради.

Биз биринчи қарорларни, биринчи тайинловларни кутишимиз керак. Афтидан, июнгача ҳеч нарса аниқ бўлмайди, хатарлар катта. Балки, барчаси ўз ҳолида қолиши ҳам мумкин», дейди Киевдаги Dragon Capital инвестицион компанияси вакили бўлган Сергей Фурса.

Зеленский Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттиришга ваъда берган, аммо унинг бу борадаги баёнотлари 42 миллион кишилик мамлакат ЕИ ва НАТОга аъзо бўлишини бот-бот такрорлаган Порошенконинг сўзлари каби жарангдор эмас.

Кўп масала парламент қарорига боғлиқ бўлган тизимда Зеленский янгича сиёсатини жорий этиш йўлида жиддий кураш олиб боришига тўғри келиши мумкин. Лекин ҳозирда унинг «Халқ хизматида» («Слуга народа») партияси парламентда битта ҳам ўринга эга эмас, Рададаги энг йирик фракция эса Порошенкога садоқатли депутатлардан иборат.

Зеленский Вазирлар Маҳкамасидаги айрим лавозимларга, масалан Ташқи ишлар вазирлигига ўз одамини қўйиши мумкин, аммо ҳозирги ҳукуматнинг аксар аъзолари октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига қадар ўз ўрнида қолади.

Ғарб воқеалар ривожини диққат билан кузатмоқда
Қўшма штатлар, Европа Иттифоқи ва Россия Зеленскийнинг ташқи сиёсат бобидаги муҳим баёноти - 13 минг киши ўлимига сабаб бўлган Донбассдаги урушга барҳам бериш ҳақидаги сўзларининг оқибатларига диққат билан қарайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Зеленскийга қўнғироқ қилди ва уни Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклашда қўллаб-қувватлашини билдирди. Германия канцлери ҳам табрик хатида унга бу масалада кўмак беришини таъкидлаган ва Зеленский билан Берлиндаги музокараларда бўладиган учрашувни сабрсизлик билан кутаётганини қўшимча қилди.

Европа Иттифоқи расман Зеленскийни табриклаган ва ундан ислоҳотларни давом эттириши кутилишини қайд этган.

Зеленскийни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Польша президенти Анжей Дуда, Австрия президенти Себастьян Курц, Венесуэланинг муваққат президенти Хуан Гуайдо, Арманистон президенти Никола Пашинян ва Литва президенти Даля Грибаускайте ҳам сайловдаги ғалаба билан табриклаган.

Россия билан муносабатлар
Зеленский сайлов натижалари маълум бўлганидан кейин Россия билан музокараларни ЕИ қўллаб-қувватлови остида Минск келишувлари доирасида ўтказишини ва Россиядаги асирларни, жумладан, Керчдаги низо вақтида қўлга олинган 24 нафар украиналик денгизчини қайтаришга ҳаракат қилишини билдириб ўтди.

Кремлдагилар 22 апрель куни Владимир Путин Зеленскийни табриклаши ҳақида ёки икки давлат президенти ҳамкорлик қилиши ҳақида гапиришга ҳали эрталигини билдирди.

«Фақат аниқ ишлар бўйича муҳокама қиламиз», деди журналистларга РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг сўзларига кўра, Москва украин халқининг танловини ҳурмат қилади, аммо сайловлар қонуний ўтказилганига шубҳа бор - Россияда ишлаб истиқомат қиладиган уч миллион атрофидаги украиналикка сайлаш ҳуқуқи тақдим этилмади (бундан ташқари, Донецк ва Луганск областларининг айирмачилар қўлига ўтган ҳудудларида ҳам сайлов участкалари ўрнатилмаганди).

Айни вақтда МДҲнинг Арманистондан бошқа давлатлари раҳбарлари, шу жумладан Ўзбекистон раҳбари ҳам Зеленскийни сайловдаги ғалабаси билан табриклагани йўқ.

Ислоҳотлар қандай кечади?
Танқидчилари Зеленскийни йирик олигарх Игор Коломойский билан қалин алоқаларда гумон қилади - ушбу олигарх тасарруфидаги «1+1» телеканалида Зеленскийнинг шоулари трансляция қилинади.

Зеленский бу борадаги барча айбловларни рад этади.

2014 йилда Днепропетровск вилояти губернаторига айланган Коломойский 2016 йилда Порошенко томонидан истеъфога чиқарилади ва Халқаро валюта фонди билан ҳамкорлик дастури доирасида унга тегишли бўлган ПриватБанк миллийлаштирилади. Бунинг эвазига олинган халқаро ёрдам Украинани оғир иқтисодий ҳолатдан олиб чиқади.

Зеленский сайловолди кампанияси даврида бир неча марта президентга айланса ПриватБанкни Коломойскийга қайтармаслиги ва унга компенсация ундиришга ёрдам бермаслигини таъкидлади.

Халқаро валюта фонди Зеленский газ нархларини бозор даражасига кўтариш бўйича талабга қандай муносабатда бўлишини кузатади - аммо бу сиёсий жиҳатдан нозик масаладир, номзодлиги вақтида Зеленский бу борадаги саволга жавоб беришдан қочган.

Зеленскийнинг сайловолди кампанияси муваффақияти у ўйнаган рол билан боғлиқ - у «Халқ хизматчиси» сериалида оддий мактаб ўқитувчисидан президентга айланган ҳалол кишини гавдалантирган.

Зеленский коррупцияга қарши курашиш бўйича катта ваъдалар берди ва бу украинлар унга овоз беришди. Коррупция - Украинани советлар тузумидан қутулганидан кейинги 27 йил ичида ҳам Европадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири сифатида қолдираётган балодир.

Кўпроқ янгиликлар