А Серия. «Наполи»да яна мағлубият, «Аталанта» «Милан»га етиб олди

Спорт 09:04 / 23.04.2019 2722

Италия А Сериясининг 33-тури якунловчи ўйини Неаполда «Наполи» ва «Аталанта» клублари ўртасида кечди.

Ўтган ҳафталар давомида чемпионлик пойгасини бой берган, Европа лигасидан ҳам чиқиб кетган Карло Анчелотти жамоаси ушбу ўйинда ҳам мағлубиятга учради. Дрис Мертенснинг 28-дақиқадаги голига меҳмонлар иккинчи бўлимда Дуван Сапата ва Марио Пашаличнинг голлари билан жавоб қайтарди – 1:2.

Неаполликлар охирги 4та турда фақат битта ғалабага эришдилар, икки ўйинда мағлубият ва битта дуранг қайд этилди. Европа лигасини ҳам ҳисобга олганда, «Наполи» сўнгги 6та ўйинидан фақат биттасини ўз фойдасига ҳал қила олди. Бу турда вице-чемпионлик учун курашаётган «Интер» «Рома» билан дуранг ўйнаганди, ҳозир «Наполи» ва миланликлар орасидаги фарқ 6 очкони ташкил этмоқда.

«Аталанта» эса А Серияда 8 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия (5 ғалаба, 3 дуранг) қайд этмоқда. Ушбу ўйинларда Бергамо шаҳри жамоаси 15:6 тўплар нисбатига эга. Ушбу муваффақиятли серия ва кечаги ғалаба билан Жан Пьеро Гасперини шогирдлари «Милан»га етиб олишди, «россонери» фақат ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига 4-ўринни сақлаб қолди.

Италия чемпионати
33-тур, 22 апрель
Наполи – Аталанта 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 28 Мертенс, 1:1 – 69 Сапата, 1:2 – 80 Пашалич.
Наполи – Оспина, Малькюи, Кирикеш (Луперто, 13), Кулибали, Хюсай, Кальехон, Аллан, Фабиан Руис, Зелиньски (Верди, 81), Милик, Мертенс (Юнес, 77).
Аталанта – Голлини, Манчини (Паломино, 46), Гимшити, Масьелло, Хатебур (Госенс, 76), де Рон, Фройлер (Иличич, 54), Кастань, Гомес, Пашалич, Сапата.
Огоҳлантиришлар: Манчини (1), Хюсай (29), Кулибали (71), Фабиан Руис (82).

 

Кўпроқ янгиликлар