Зеленский Украина бош прокурорини ишдан олишга ва «эски жамоа»ни алмаштиришга ваъда берди

Жаҳон 11:40 / 22.04.2019 38403

Украина президентлиги учун сайловларда ғолиб бўлган шоумен Владимир Зеленский сайловнинг илк натижалари эълон қилингач, ўз штабида ғалабани нишонлади ва украин халқига мурожаат қилди.

У ўз мурожаатида ижро ҳокимиятидаги амалдорларни ишдан олишни ваъда қилган. Хусусан, у биринчи навбатда «экси жамоа» вакили сифатида Украина бош прокурори Юрий Луценко лавозимини тарк этишини билдирган. У шунингдек, соҳадаги бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳам алмаштирилиши зарурлиги ҳақида гапирган.

Россия билан муносабатлар ҳақидаги саволга жавобан Зеленский ўз президентлигининг илк ҳафтасида биринчи навбатда унинг жамоаси қилиши керак бўлган иш Керч бўғозидаги ҳодисадан кейин Россия томонидан асир олинган денгизчилар қайтариш экани ҳақида айтиб ўтган. У шунингдек, ўз президентлиги даврида Украина Минск келишувлари доирасида иш олиб бориши ва Россия билан «норманд тўртлиги» бўйича ҳамкорлик қилишини билдирган.

21 апрель куни бўлиб ўтган сайловларнинг иккинчи турида Зеленский амалдаги президент Пётр Порошенкони катта фарқ билан ортда қолдирди. Сайловчиларнинг 62,83 фоизи қатнашган (биринчи турда давомат 63 фоизни ташкил этганди) сайловда МСК 90 фоиздан ортиқ овозларни қайта ишлаганидан кейин Зеленский 73,19 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.

Қайд этиш керакки, Зеленский сайловолди кампанияси даврида ҳам бир неча марта Украинадаги суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларга муҳтож экани ҳақида гапирган ва президент бўлиб сайланса, бу тизимларда кадрларни алмаштиришга ваъда берганди.

Кўпроқ янгиликлар