Зеленский биринчиси эмас: давлат раҳбарига айланган артистлар

Жаҳон 19:10 / 22.04.2019 40695

Украинада бўлиб ўтган сайловларда комик актёр Владимир Зеленский ғалаба қозонди. Ҳали натижалар расман қилинмаган, актёр президентликка киришмаган бўлса-да, бу давлатнинг кейинги раҳбари айнан Зеленский бўлишига шубҳа йўқ. Кўпчилик учун шу пайтгача қизиқчилик қилиб келган актёрнинг президентликка сайланиши ғайритабиий туюлса-да, артистлар орасида давлатларни бошқарганлар талайгина.

Жимми Моралес, 2016 йилдан буён Гватемала президенти

1969 йилда камбағал оилада туғилган Жимми Моралес ёшлигида отасидан айрилган, муҳтожлик туфайли банан сотиш билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Улғайганидан кейин акаси Самуэль билан киноиндустрияга қизиқиб қолади ва Moralejas дастурини ташкил қилиб, Нито ва Нето исмли камбағал йигитлар образини саҳнага олиб чиқишади. 2011 йилда сиёсатга киришган Моралес 2015 йилда мамлакатдаги сиёсий инқироздан фойдаланиб Гватемала президентлигига ўз номзодини қўяди. Коррупция ва жиноятчиликка қарши кураш каби оддий хитобларга тўлган дастури билан халқ кўнглини овлаган Моралес 2015 йилнинг октябрида ўтган сайловда 67,4 фоиз овоз билан ғолиб бўлади. Аммо кейинчалик унинг ўзи ҳам қатор коррупцион можароларга аралашиб қолади.

Ленин Морено, 2017 йилдан буён Эквадор президенти

Фото: GLOBAL LOOK PRESS

Унинг отаси кимнинг сиёсий қарашларидан илҳомлангани ўғлига қўйган исмдан билиниб турибди.

1953 йилда туғилган Ленин ўзини ҳар хил соҳаларда синаб кўрди, давлат хизматига киришди ва туризм ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилди. 1998 йилда ўғрилар Моренонинг белига ўқ узади ва у бутун умрга фалажланиб қолади. Аммо у тушкунликка тушмайди ва вазиятдан чиқишнинг ягона йўли сифатида қизиқчиликни танлайди. 2013 йилда Морено БМТнинг ногиронлар масалалари бўйича махсус вакили лавозимини тарк этади ва 2016 йилда Эквадорга қайтади. Мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Корреанинг қўллаб-қувватлаши билан ўз номзодини президентликка қўйди ва 51 фоиз овоз билан ғолиб чиқади. Кейинчалик давлат бошқарувини бутунлай ўзгартириб юборди, аввалги президент билан нафақат тескари бўлиб кетди, балки унинг тарафдорларини қаматишгача борди. Шунингдек, Ленин Морено WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни Лондондаги элчихонадан чиқариб юборгани билан ҳам тарихга муҳрланди.

Марьян Шарец, 2018 йилдан буён Словения бош вазири

41 ёшли Марьян Шарец Любляна театр, радио, фильмлар ва телевидение академияси битирувчисидир. 2000-йилларда у  RTV телеканалида журналистлик қила бошлайди ҳамда радио ва телевидение орқали комедик шоулар тайёрлайди. Фаолияти давомида Словениянинг етакчи сиёсатчиларидан ташқари Фидель Кастро ва Усама бин Ладенни тақлид қилади.

У экранга олиб чиққан Иван Серпентиншек образи ҳамиша тажанглиги ва халқчиллиги билан шуҳрат қозонган.

2010 йилда Марьян Шарец сиёсатга қизиқиб кетди ва ўзининг жиддий масалаларда ҳам кўп ишга қодирлигини исботлашга киришади. Аввалига миттигина Камник шаҳри мэри лавозимини эгаллаган артист кейинчалик, 2017 йилда президентликка ҳам номзодини қўйди, аммо 47 фоиз овоз олиб ютқазди. Шунда ҳам чекинмаган Шарец 2018 йилда парламент сайловларига кўра партиялар коалициясини тузди ва ҳукуматга раҳбар бўлди.

Рональд Рейган. 1981–1989 йилларда АҚШнинг икки карра президенти

Артистликдан сиёсатга ўтганларнинг энг машҳури Рональд Рейганни кўпчилик АҚШнинг қирқинчи президенти сифатида билади. Аммо Рейган Ҳолливудда ҳам етакчи актёрлардан бири бўлган. Бундан ташқари, у ўз вақтида радиобошловчиликда ҳам ўзини синаб кўрган.

Коллежни тугатганидан сўнг Рональд радиостанцияларда спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб юрган. 26 ёшида у киносиновларда қатнашиб кўради ва Warner Brothers студияси билан етти йиллик шартнома имзолайди. Кейинги икки йиллик фаолияти давомида Рейган 19та фильмда роль ўйнайди. Унинг иштирокидаги «Кингз Роу» киноасари ҳатто «Оскар» мукофотига номзод бўлади. Рональд Рейганни олти марта актёрлар гильдияси президентлигига сайлашади.

1967 йилда у сиёсатда ўзини синаб кўрди ва Калифорния губернаторлигига сайланди. Бу ютуқ билан қаноатланмаган собиқ актёр 69 ёшида АҚШ президенти лавозимини эгаллайди ва ёш жиҳатдан мамлакатнинг янги сайланган энг кекса президентига айланади. Иккинчи марта сайловларда СССРга қарши курашни асосий мақсад деб билган Рейганнинг обрўси шу қадар кучайиб кетадики, 50та штатнинг 49тасида ғалаба қозонади ва фақат битта штатдагина рақибидан 4 мингта кам овоз тўплайди.

Эгизаклар Лех ва Ярослав Качиньскийлар, Польша президенти ва бош вазирлари

Фото: Репортер

2010 йилда Россия ўрмонлари устида юз берган авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган Лех Качиньский 2005 йилда президентликка сайланганидан кейин кўп қаршиликларга қарамай ўз укаси Ярослав Качиньскийни бош вазир қилиб тайинлаганди. Дунё сиёсатида эгизаклар давлатни бошқариши жуда қизиқ туюлиши мумкин. Аммо бугун уларнинг сиёсий ютуқлари ҳақида эмас, айнан артистлигига эътибор қаратамиз.  

Бу икки эгизак болакай 1962 йилда, 13 ёшларида болалар учун ишланган «Ойни ўғирлаганлар» бадиий фильмида суратга тушади ва бу фильм нафақат Польшада, балки бошқа давлатларда, хусусан собиқ иттифоқда ҳам шуҳрат қозонади.

Артист сиёсатчи ёки сиёсатчи артистлар жуда кўпчилик. Хусусан, АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон ҳам «Вегасдаги кеча» фильмида кичик роль ижро этган. Арнольд Шварценеггер Калифорния губернаторлигига сайланган. 2005 йилда автоҳалокатда нобуд бўлган комик актёр Михаил Евдокимов Олтой ўлкаси губернатори бўлган.

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп ҳам кинода ўзини синаб кўрганлардан. У кўпроқ ўзини ўзи ўйнаган. Хусусан, жуда машҳур бўлган «Уйда ёлғиз» фильмидан ташқари «Студия 54», «Уолл-стрит: пуллар ухламайди» ва «Эдди» каби фильмларда суратга тушган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Кўпроқ янгиликлар