Трамп Зеленскийни табриклади ва унга ваъда берди

Жаҳон 09:36 / 22.04.2019 50281

АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президентлиги учун сайловда ғолиб чиққан Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг Украина масалалари бўйича махсус вакили Курт Уолкер маълум қилди.

Телефон орқали мулоқот АҚШ томони ташаббуси билан ўтказилган. Унда Трамп Зеленскийга АҚШ бундан кейин ҳам Киевни ҳудудий яхлитлигини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлашини ваъда қилган.

«Президент Трамп Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб Украинадаги демократик сайловларда ғалаба қозонгани билан муборакбод этди. Биз келгусида ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва Россия агрессиясига қарши курашиш ҳаракатларида қўллаб-қувватлаймиз», деган Уолкер твиттердаги саҳифасида.

Уолкер Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенкони «Украинани фавқулодда оғир дамларда матонат билан бошқаргани ва демократик институтларга содиқлик сақлаб украина халқининг иродасини қабул қилгани» учун алқаган.

Украина Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 15 фоизини ишлаб бўлди. Уларга кўра, Зеленский 73,01, амалдаги президент Пётр Порошенко эса 24,65 фоиз овоз тўплаган.

Кўпроқ янгиликлар