«Сенда ҳам имкон бор» – пара-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди

Спорт 21:20 / 22.04.2019 1829

Тошкентда пара-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олган эди. «Сенда ҳам имкон бор» шиори остида мазкур мусобақа келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган навбатдаги Паралимпия ўйинларига терма жамоа таркибини шакллантириб олиш, номзодларни саралаш нуқтаи назаридан аҳамиятли эди. 

Икки кун давом этган беллашувлар халқаро пара-атлетика оиласига мансуб йўналишларда ўтказилди. Кутилганидек, мусобақада Ҳусниддин Норбеков, Дониёр Солиев, Миран Сахатов, Александр Свечников, Темур Ғиёсов, Асила Мирзаёрова, Сафия Бурханова, Наталья Семёнова каби таниқли пара-атлетларимиз ўз йўналишларида тенгсиз эканликларини яна бир бор намойиш қилдилар.

Ушбу мусобақа Президентимиз «Аҳолининг ижтимоий қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳам ўтказилган бўлиб, унда Республикамизнинг турли вилоятларидан янги иқтидор эгалари кашф қилинди. Таъкидлаш жоиз, улар ўз натижалари билан терма жамоанинг асосий таркиб вакилларига муносиб рақобатчи бўла олишларини исботлашди. Мусобақа якунида Фарғона вилояти вакиллари умумжамоа бўйича биринчи ўринни қўлга киритишди. Шунингдек, Тошкент шаҳри иккинчи, Навоий вилояти эса учинчи ўринни эгаллади.

Кўпроқ янгиликлар