Порошенко кейинги сайловларда президент лавозимини қайтиб олишни мўлжалламоқда

Жаҳон 23:06 / 22.04.2019 11348

Украинада 21 апрелда ўтган президент сайловларида президент курсисини актёр Владимир Зеленскийга бой берган Пётр Порошенко кейинги президент сайловларида иштирок этишни режалаштирмоқда. 

Порошенко бу ҳақида Киевдаги Банк кўчасида тарафдорлари ўтказган намойишда эълон қилди.

“Мен сиёсатдан кетмаяпман. Биз яқин келажакдаёқ умумий ғалабамизни таъминлаш учун бирлашамиз. Биргаликда парламент сайловларида ғалаба қилиш учун борамиз ва кейинги президент сайловларидан кейин биргаликда Банк кўчасига қайтамиз”, деб айтган Порошенко.

Намойиш иштирокчилари “бир йилдан кейин” дея ҳайқира бошлашган. Порошенко жилмайиб, “Бир йилдан кейин бўлса, бир йилдан кейин-да”, деб жавоб қилган.

21 апрелдаги сайловлар натижаларига кўра Порошенко 25 фоиз овоз тўплаган, унинг рақиби Владимир Зеленский эса 73 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонган.

Кўпроқ янгиликлар