Ижтимоий уйлар қурилишини бизнесга айлантиришга йўл қўйилмайди  —  ҳукумат комиссияси 

Жамият 15:20 / 22.04.2019 12792

22 апрель куни ҳукумат топшириғига кўра тузилган, Сергели туманида қурилган арзон уйлар масалалари бўйича иш олиб бораётган комиссияларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссиялар раҳбарларининг ҳозирга қадар бажарган ишлари ҳақида ахборотлари тингланди.

Сергели туманининг 5-даҳасида барпо этилган арзон уйларнинг сифати ва нархи масаласи айрим эътирозларга сабаб бўлаётганди. 

Шу сабабли 11 апрель куни Сергели туман ҳокимлигида Ҳукумат аъзолари иштирокида ушбу уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган эди. 

Сайёр йиғилишда кўтарилган масалаларни жойининг ўзида ўрганиш ва бартараф этиш бўйича иккита комиссия тузилган. Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссияга уйларнинг нархлари масаласини ўрганиш, уларни имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш, Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссияга қурилишдаги камчиликларни ўрганиш ва жойининг ўзида бартараф этиш вазифалари топширилганди.

Қурилиш вазири 2 686та хонадон ўрганилгани, улардан 283тасида камчилик аниқлангани ва бартараф этилгани, ҳеч ким яшамаётгани сабабли 155та хонадонни ўрганиш имкони бўлмаганини маълум қилди.

Иқтисодиёт ва саноат вазири республика миқёсида қурилиш материалларининг нархлари таҳлил қилинаётгани, уларнинг каталоги тайёрланиб, давлат томонидан қурилиш ташкилотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзларнинг қўлланилиши ўрганилаётгани, банк маржаси ва суғурта пулини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилаётгани ҳақида ахборот берди.

Комиссияларнинг ахборотлари танқидий муҳокама қилинди. Уларга ишни янада жадаллаштириш, комиссиялар фаолиятига жамоатчилик вакиллари, шу хонадонларда яшайдиган фуқароларни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ижтимоий уйлар қурилишини бизнесга айлантириб юборишга йўл қўйилмаслиги қатъий уқтирилди.

Шундан сўнг комиссиялар аъзолари Санобархон Содирова яшайдиган 18-уй, 45-хонадонда бўлиб, бу ерда бажарилган қўшимча таъмирлаш ишлари билан танишди.

– Мен уйимизнинг қурилиш сифатидан шикоят қилган эдим, – дейди Санобархон Содирова. – Уч кун ичида ҳамма камчиликлар тузатилди. Очиғи, бундай эътиборни кутмаган, чала ишлар тезда якунига етказилишига ишонмаган эдим. Бундан жуда хурсандмиз.

29-уйда яшовчи фуқаролар ҳам қўшимча таъмирлаш ишларидан мамнунликларини билдиришди. Шу билан бирга, бу ерда хотин-қизларнинг айримлари ишсизлиги, иш жойи узоқда бўлгани учун қатнашга қийналаётгани ҳақида сўзлашди. Комиссия томонидан шу ернинг ўзида қисқа муддатда тикувчилик корхонаси ташкил қилиш ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича аниқ вазифа белгилаб олинди.

28-уй аҳли билан мулоқотлар ҳам қизғин кечди.

– Мен кўп мамлакатларда бўлганман, – деди нафақадаги ўқитувчи Мавлуда Салоҳиддинова. – Ривожланган давлатларда ҳам аҳолининг кўпчилиги ижарада яшайди. Юртимизда уйга муҳтож фуқаролар учун мана ҳозир ёппасига арзон уйлар қуриляпти. Биз ҳам ўз уйимизга эга бўлдик. Буларнинг ҳаммаси учун аввало шукр қилишимиз, ёшларимизни боқимандаликка ўргатиб қўймаслигимиз керак.

Комиссиялар аъзолари хонадонма-хонадан юрганини эшитиб, аҳоли йиғила бошлади ва улар билан мулоқот қизиб кетди. Ҳудудда инфратузилмани ривожлантириш, қўшимча мактаб, мактабгача таълим, тиббиёт муассасалари қуриш масалалари ўртага ташланди.

Комиссия аъзолари бу ерда давлат дастурларида кўзда тутилганидан ташқари яна 4 та мактаб ва 4 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та поликлиника қурилиши шу йилнинг кузида якунига етказилишини таъкидлади. Транспорт қатнови масалалари ҳам ҳал этилиши айтиб ўтилди.

– Кўриб турибсиз, давлатимиз фуқаролар учун яхши шароитлар яратаяпти, – деди “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев. – Ўзингиз айтинг, ўтган йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ўз уй-жойига эга бўлмаган фуқаролар учун шундай кенг миқёсда уйлар қурилганми? Албатта, йўқ. Энди ўзингиз шу уйларда яшаяпсиз, камчиликлари мана тузатилди. Бу ишлар давлатимизнинг доимий назоратида экани барчамизни хурсанд қилади.

Учрашувда ҳудудда маҳалла фуқаролар йиғинларини ташкил этиш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини тузиш ва уларнинг раҳбарларини шу ердаги фаоллар орасидан сайлаш таклифи қўллаб-қувватланди.

Белгиланган барча ишлар сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида «Нуроний»  жамғармаси, «Маҳалла»  хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмиталари фаолларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, комиссиялар ўз ишларини давом эттирмоқда. 11 май куни уйлар қурилишида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, уйлар нархларини тушириш бўйича қилинган ишлар ҳақида бу ерда яшайдиган фуқаролар олдида батафсил ҳисобот берилади.

Кўпроқ янгиликлар