Ўзбекистонлик яна уч боксчи Осиё чемпионатини чорак финалдан тарк этди

Спорт 17:48 / 22.04.2019 29393

Бокс бўйича Осиё чемпионатининг тўртинчи куни доирасидаги кечки дастур баҳслари ўзбекистонлик боксчилар учун омадсиз кечди. Эркаклар ўртасидаги жангларда Ўзбекистон терма жамоасининг кетма-кет уч вакили мағлубиятга учради.

Дастлаб Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (-52) принципиал рақиби ҳиндистонлик Амит Пангалдан мағлуб бўлиб, мусобақани чорак финалдан тарк этди. Шундан сўнг Шунқор Абдурасулов (-64 кг) ва Дилшод Рўзматов (-81 кг) мос равишда иорданиялик Муҳаммад Алкасбех ҳамда қозоғистонлик Бек Нурмаганбет билан жангларда мағлубиятга учраб, турнирдаги иштирокини якунлади.

 

Дилшод Рўзматов ва Бек Нурмаганбет / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Аввалроқ, кундузги дастурда -49 кг вазн тоифаси вакили Нодиржон Мирзааҳмедов чорак финалда лаослик Хампхоуван Хамсатонега қарши рингга кўтарилиб, очколар ҳисобига рақибини мағлуб этганди. Сўнгра Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг) мезбон - таиландлик Чатчаи Будте билан жанг қилиб, у ҳам ярим финал йўлланмасига эга бўлди.

Нодиржон Мирзаҳмедов ва  Хампхоуван Хамсатоне / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Шунингдек, аёллар ўртасидаги баҳсларда Ёдгорой Мирзаева (-57 кг) ва Шаҳноза Юнусова (-69 кг) ўз жангларида мос равишда тожикистонлик Мижгона Самадова ва япониялик Макото Кикучини енгиб, ярим финалга чиқишган бўлса, -81 кг вазн тоифаси вакили Эъзоза Мелиева хитойлик Лина Вангдан мағлубиятга учради.

Шу тариқа, Нодиржон Мирзааҳмедов, Миразизбек Мирзахалилов, Ёдгорой Мирзаева ва Шаҳноза Юнусова ярим финал йўлланмаси орқали камида бронза медалларини нақд қилишди. Ҳасанбой Дўсматов, Шунқор Абдурасулов, Дилшод Рўзматов ва Эъзоза Мелиева чорак финалдан ортга қайтадиган бўлдилар. Эслатиб ўтамиз, бу сафарги қитъа биринчилиги шу йил Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланма бермайди.

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтаётган Осиё чемпионати 26 апрелгача давом этади.

Кўпроқ янгиликлар