Бензема «Реал»да Роналду уддалай олмаган ишни қилди

Спорт 13:40 / 22.04.2019 16752

«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема Испания чемпионатининг 33-турида «Атлетик»ка қарши ўйинда ҳет-трик қайд этди (3:0).

Француз ҳужумчиси мадридликлар жамоасининг охирги 8 голини бир ўзи урган. MisterChip маълумотига кўра, «Реал»нинг 117 йиллик тарихида ҳали ҳеч бир футболчи бу натижани забт этолмаганди.

Бензема ўтган турларда «Уэска», «Валенсия», «Эйбар» (дубль), «Леганес» клубларига қарши ўйинларида дарвозаларни ишғол этганди.

Таққослаш учун, мадридликлар тарихидаги энг яхши тўпурар, ўтган йил ёзида «Ювентус»га ўтиб кетган Криштиану Роналдуда бу кўрсаткич 5та голга тенг.

Бензема мадридликларнинг кейинги 2 голини ҳам киритса, бу борада Ла Лига рекордини янгилайди. Ҳозирда ушбу рекорд Кини («Спортинг»), Кодро («Реал Сосьедад») ва Мессига («Барселона») тегишли бўлиб, улар жамоасининг қаторасига 9та голини уришган. 

Бензема «Реал» сафида 2009 йилдан буён тўп суриб келмоқда. Жорий мавсумда у Примеранинг 33 ўйинида майдонга тушиб, 21 гол урган ва 5 голга узатма берган. Эндиликда у «Барселона» ҳужумчиси Луис Суаресни (20 гол) ортда қолдириб, турнир тўпурарлари рўйхатида фақат каталонларнинг бошқа бир ҳужумчиси Лионель Мессидан ортда қолган ҳолда (33 гол) иккинчи ўринга кўтарилган.

Қолаверса, бу мавсумда у «Реал»нинг барча турнирлардаги ўйинларида жами 30 гол урган ва бу клубдаги фаолияти давомидаги энг сермаҳсул иккинчи мавсумни қайд этмоқда. 2011/12 йилги мавсумда Бензема 32 гол урганди. Жорий мавсумда «Реал» яна 5та ўйин ўтказиши ҳисобга олинса, франциялик ҳужумчида ўз кўрсаткичини яхшилаш имконияти мавжуд.

Ўйиндан кейин берган интервьюсида Карим Бензема яна кўп йиллар давомида клубда қолиш истагини билдирди. 

«Реал»да қолмоқчиман. Мен дунёнинг энг яхши клуби таркибида ўйнаяпман», – деб Бензема сўзларини келтирмоқда Marca.

31 ёшли ҳужумчининг мадридликлар билан имзолаган шартномаси 2021 йил ёзигача мўлжалланган.

Аввалроқ, «Реал» унинг ўрнига «Айнтрахт» ҳужумчиси Лука Йовични олмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Кўпроқ янгиликлар