Суперлига. «Навбаҳор» 75-дақиқагача ҳисоб очилмаган ўйинда «Сурхон»ни йирик ҳисобда енгди

Спорт 20:23 / 21.04.2019 9404

Суперлиганинг 5-туридаги «Навбаҳор»–«Сурхон» учрашуви йирик ҳисобда якунланди: Фарғонада ўтган ўйинда наманганликлар рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп йўллашди.

Ўйиннинг сўнгги 15 дақиқалиги бошлангунга қадар ҳисоб 0:0 кўринишида сақланиб турди. Шу дақиқада Обид Жўрабоев бурчак зарбасидан кейин дарвозани аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди. 89-дақиқада Азимжон Аҳмедов 20 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарбаси билан ҳисобдаги фарқни оширди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган тўрт дақиқанинг учинчисида эса Александр Касьян якуний ҳисобни ўрнатди – 3:0.

Ушбу ғалабадан кейин «Навбаҳор» очколари сонини 7тага етказиб, 5-ўриндаги «Металлург» ва «Динамо»га етиб олди. 4-поғонани эса 8 очко билан қолган «Сурхон» банд этиб турибди.

Суперлига, 5-тур
21 апрель. Фарғона. "Истиқлол" стадиони. 7122 томошабин. 
Навбаҳор – Сурхон – 3:0 (0:0)
Голлар: Обид Жўрабоев (75), Азимжон Аҳмедов (89), Александр Касьян (90+3)
Бош ҳакам: Виктор Серазитдинов.

Кўпроқ янгиликлар