Экзит-поллар Порошенконинг мағлубиятини кўрсатмоқда

Жаҳон 19:11 / 21.04.2019 20449

Интернетда Украинадаги президентлик сайлови бўйича навбатдаги экзит-пол тарқалди. lb.ua сайти бош редактори Соня Кошкина ўзининг телеграмдаги каналида МСК маълумотларига таяниб хабар тарқатган.

Маҳаллий вақт билан соат 15:00 (Тошкент вақти билан соат 17:00) сайловда давомат 48 фоиздан ошган. Ҳозирга келиб 199та округдан 171тасидаги маълумотлар ўрганиб чиқилган.

Марказий сайлов комиссияси сайлов натижасига таъсир кўрсатадиган қоидабузарликларни қайд этмаган.

Охирги маълумотларга кўра, мамлакат ғарбида шоумен Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлаб, сайловчиларнинг 56 фоизи овоз берган, 44 фоиз киши Петро Порошенкони танлаган.

Мамлакат марказида эса Зеленский Порошенкони 72 фоизга 28 фоиз нисбатида ортда қолдирмоқда.

Шунингдек, Украина жанубидаги сайловчиларнинг 73 фоизи ўз овозини Зеленскийга берган, Порошенко 27 фоиз билан кифояланмоқда, шарқда эса Зеленский яққол устунлик қилмоқда - 89 фоизга 11 фоиз.

Парламентдаги «Петро Порошенко блоки» фракцияси раҳбари Артур Герасимов президент Порошенко штаби сайловларнинг исталган кўринишдаги натижаларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

«Украина - демократик мамлакат ва бизнинг жамоамиз ҳар қандай натижаларни тан олади... Биз сайловда демократияни таъминлаймиз ва украинларнинг танловини қабул қиламиз», деган Герасимов Порошенко штабида ўтказилган брифингда.

Зеленскийнинг штаби бошлиғи Дмитрий Разумов эса ўз тарафдорини «янги президент» деб атади.

Кўпроқ янгиликлар