Бош прокуратура «Қодиров иши» доирасида қўлга олинганларга қийноқ қўллангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Ўзбекистон 15:27 / 21.04.2019 34387

Бош прокуратура 18 апрель куни интернетда «Қодиров иши» доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахслар тергов давомида қийноқларга солингани ҳақида тарқалган мақолага муносабат билдирди.

«Мақолада худдики айбланувчилар У.Суннатов ва У.Хуррамовга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик ва қўпол муносабатда бўлингани қайд этилган.

Аввал хабар қилинганидек, Бош прокуратура томонидан Р.Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилган ҳамда 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айб эълон қилинган.

Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган», дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, айбланувчилар Суннатов ва Хуррамов ўзига қўйилган айбловларни фақат қисман тан олган. 

«Бу эса уларга айблов бўйича ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти берилгани ва уларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилганлик факти мавжуд эмаслигидан далолатдир», дея қўшимча қилинади Бош прокуратура баёнотида. 

Қонунчиликка биноан, айбланувчи ва судланувчилар уларга нисбатан эълон қилинган айблов бўйича ҳар қандай позицияни эгаллаш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида Бош прокуратура У.Суннатов ва У.Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўллангани тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидламоқда.

Кўпроқ янгиликлар