Хитой компанияси акциялари нархи чалкашлик туфайли минг маротаба кўтарилиб кетди 

Жаҳон 00:42 / 20.04.2019 5798

Хитойнинг телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқарувчи кичик компанияси Zoom Technologies акциялари бир ойдан камроқ вақт ичида минг маротабадан кўпроққа, яъни 0,5 центдан 6 долларгача қимматлашиб кетди. Бу эса яқинда Калифорниядаги видеоалоқа хизмати Zoom Video Communications биржага акцияларини чиқаргани билан боғлиқ бўлиб, ушбу компания номи ўхшаш бўлгани сабабли Хитой компанияси билан чалкаштирилмоқда.

Иккала компания ҳам логотипларига Zoom сўзини қўйишган, бироқ биржада қисқача ZOOM ва ZM номларини қўллашади. Хитой компанияси биржага олис 1990 йилда чиққан, Калифорния компанияси эса ўз акцияларини NASDAQ биржасида жорий йил 18 апрелидагина жойлаштирган. 

Хитой компанияси акциялари нархи 22 март куни Калифорния компанияси акцияларини биржада жойлаштиришини эълон қилгандан кейин кўтарила бошлаган. Ўшанда бир кун ичида унинг акциялари нархи 0,5 центдан 60 центгача, яъни 1100 фоизга кўтарилиб кетган.

Business Insider портали чалкашлик ҳақида огоҳлантиришига қарамай, Хитой компанияси акциялари қимматлашаверган. 15-16 апрель кунлари эса уларнинг нархи 6 долларгача етган, яъни 19 март кунидагидан 1,2 минг марта қимматроқ турган.

Кўпроқ янгиликлар