Жамбулда ҳалок бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар ҳақида расмий маълумот берилди

Ўзбекистон 16:10 / 20.04.2019 70301

Қозоғистоннинг Жамбул области ҳудудида, «Олмаота-Тошкент» автойўлида йўловчи автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ҳалок бўлган ва яна 12 нафар ўзбекистонлик жароҳатланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расман маълумот берди.

20 апрель куни маҳаллий вақт билан тонг соат 5:09да «Олмаота—Тошкент» трассасининг 181-километрида салонида 47 нафар киши бўлган Van Hool русумли йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз бериши оқибатида жами 11 киши ҳалок бўлган, 29 киши тан жароҳати олган.

Дастлаб, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Жамбулдаги ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида хабар қилди, аммо бу хабар кўп ўтмасдан ўчириб юборилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ушбу фожиа оқибатида ҳалок бўлганларнинг 7 нафари қозоғистонлик, 3 нафари ўзбекистонлик экани, яна бир жасаднинг шахсига аниқлик киритилмагани, жабрланувчилар орасида Қозоғистон фуқароларидан ташқари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот берган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида дастлаб Жамбулдаги ЙТҲ оқибатида ўзбекистонликлар ҳалок бўлгани ҳақида маълумот йўқлиги, бу ҳодисада 7 нафар ўзбекистонлик жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилгани айтилганди. Унга кўра, жабрланувчилар Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан.

Меҳнат вазирлиги фожиада ҳалок бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар рўйхатини тақдим этди.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг рўйхати:

Абдухалиқов Ўринбой Мирхамитович, 1993 й.т.;
Калмуратов Алишер Сапарбаевич, 1988 й.т.;
Ермекбаева Дилором, 1972 й.т.;

Тан жароҳати олганлар рўйхати:

Ўлжабаев Аббос, 1994 й.т;
Хайитбаев Омирбек, 1988 й.т;
Абдусатиров Заводбек, 1999 й.т;
Жуманиёзов Марҳамат 1996 й.т; (оғир аҳволда)
Ахметова Радмила, 1994 й.т.; (оғир аҳволда)
Матиржонов Отабек Абдуллевич, 1985 й.т.;
Сейтмуратов Досжан Даулетович, 1987 й.т.;
Ҳайдаров Сардар Амарбекугли, 1994 й.т.;
Ильясов Марис, 1974 й.т.; (оғир аҳволда)
Исламеддинов Абдухаттар углы, 1997 й.т.;
Момбетов Насреддин, 1971 й.т.;
Жапаров Шодлик Махсудович, 1984 й.т.; 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тезкор телефон тармоғи: 71-200-06-00

ЙТҲ жабрланувчиларининг қариндошлари Ўзбекистон ФВВнинг қуйидаги тезкор телефон тармоғи орқали қўшимча маълумотлар олишлари мумкин: +998781471050.

Кўпроқ янгиликлар