Варшава-Тошкент тўғридан-тўғри авиарейсларини йўлга қўйиш таклиф этилди

Ўзбекистон 13:58 / 19.04.2019 2577

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси вакилларининг Польшага ташрифи доирасида Варшава ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларини йўлга қўйиш таклиф этилди. Қўмита матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Ташриф давомида Польшанинг йирик туристик компаниялари  “Rainbow”, “Itaka” вакиллари ҳамда “Варшава туризм уйи” президенти Анжей Шиманский билан учрашув ўтказилди.  Учрашувлар давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида маълумотлар берилди.  

Польшанинг йирик туризм компаниялари вакиллари Ўзбекистонда туризмини ривожлантиришга оид таклифларини билдиришди.  Хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар учун 24 соат давомида ишлайдиган чегара пунктлари ҳақидаги маълумотларни кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистонга саёҳат қилувчи польшаликлар сони ортиб бораётганини инобатга олиб, Варшава ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйишга доир таклифлар илгари сурилди. 

Бундан ташқари, Польшанинг умуммиллий туризм палатаси вакиллари  Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга тайёр эканлигини маълум қилишди. 

 Учрашув якунида Польшада 150 та филиали мавжуд бўлган “Rainbow” туристик компанияси билан Ўзбекистонда янги сайёҳлик маршрутларини ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун инфо-турлар ташкил этишга келишиб олинди. 

Кўпроқ янгиликлар