Тошкентда Bloomberg вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон 14:05 / 19.04.2019 2389

“Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари Bloomberg L.P. билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилишди. Учрашувда кадрларни тайёрлаш соҳасида илғор технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Халқаро компаниянинг МДҲ минтақаси бўйича вакили Одилжон Қосимов Bloomberg L.P. молиявий бозорларнинг профессионал иштирокчилари учун молиявий ахборотни етказиб берувчилар орасида етакчилардан бири эканини таъкидлади.

Фото: ЛБМА матбуот хизмати

“Bloomberg L.P. бутун дунё бўйлаб 310 мингдан ортиқ фойдаланувчига ахборот етказади. Bloomberg терминалининг асосий маҳсулоти деярли барча жаҳон биржалари ва кўплаб биржадан ташқари бозорлар, Bloomberg агентлиги ва бошқа етакчи оммавий ахборот воситаларининг янгиликлар тасмалари, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар савдосининг электрон тизимига кириш имконини беради”, - деди Одилжон Қосимов.

Шунингдек, у жамғарманинг ҳозирги вазифалари ва лойиҳалари билан боғлиқ бўлган ҳамкорликнинг бошқа шаклларини муҳокама қилишни таклиф қилди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Зиёд Мираҳмедов жамғарма фаолияти йўналишлари ҳақида маълумот бериб, ҳамкорликнинг дастлабки босқичида қўшма таълим тадбирларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг шакллари ва имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонларни қизиқтирган йўналишлар бўйича ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилиш учун такрорий учрашув ўтказишга келишиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги 5 йил давомида Bloomberg компанияси томонидан Bloomberg Tradebook савдо платформаси, Bloomberg Messaging хизмати ва Bloomberg newswire янгиликлар тасмаси каби қўшимча дастурлар ишга туширилди.

Кўпроқ янгиликлар