Райнхард Вагнер билан учрашув: Ўзбекистонда лойиҳаларни сифатли амалга ошириш муҳокама қилинди

Ўзбекистон 15:44 / 19.04.2019 2026

18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги раҳбариятининг Германия лойиҳа бошқаруви Ассоциацияси фахрий раиси Халқаро лойиҳа бошқаруви ассоциацияси (IPMA) Кенгаши раиси Райнхард Вагнер билан расмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишни йўлга қўйиш ҳамда  кадрларни халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради агентлик матбуот хизмати. 

Райнхард Вагнер агентликнинг амалдаги ва режалаштирилган фаолияти ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар билан танишди, уларда лойиҳаларни самарали бошқариш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жаноб Вагнер 2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги республика иқтисодиёти ва аҳолининг ижтимоий ҳаётини ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўтаринки руҳ билан қабул қилди.

Комплекс режалаштириш, харажатларни оптималлаштириш, сифат назоратини ошириш, идоравий ва идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес жараёнлар ва атроф-муҳитдаги ўзгаришлар билан интеграциялашув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ислоҳотлар ва инвестиция дастурлари амалга оширилишини мониторинг қилиш, шунингдек Ўзбекистонда лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишида ўрни беқиёс”, - деди Вагнер учрашувда.

Томонлар, шунингдек лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларни халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш тизимини ташкил этиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг сифатини ошириш учун хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида ЛБМА ва IPMA ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро лойиҳа бошқаруви ассоциацияси (IPMA) фаолиятининг асосий мақсади мутахассислар, лойиҳа гуруҳлари ва ташкилотлари ўртасида жаҳон миқёсидаги бунёдкорлик фаолиятининг барча соҳаларида лойиҳалар бошқарувидаги ваколатларни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат. Ассоциациянинг ҳамкорлик тармоғи 72 ривожланган давлатни ўз ичига олган. 1995 йилдан бошлаб IPMA лойиҳаларни бошқариш соҳасида мутахассисларни сертификатлаш бўйича ўзининг 4-поғонали тизимни ривожлантирмоқда (model 4 LC).

Маълумот  учун: Ўзбекистон жорий йилнинг 30 март куни Халқаро лойиҳа бошқаруви ассоциациясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз ушбу ташкилотга кириши рекорд даражадаги қисқа вақт ичида амалга оширилди ва бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган лойиҳа бошқарувини жорий этиш чора-тадбирларларининг самарадорлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Кўпроқ янгиликлар