Либерия президенти илонлар сабабли уйида ишлашга мажбур бўлди

Жаҳон 20:05 / 19.04.2019 26447

Либерия президенти Жорж Веа ўзининг иш жойига бинода илонлар борлиги сабабли туша олмади. Бу ҳақда 19 апрелда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди. 

Ходимлар Веанинг ишчи кабинети жойлашган Либерия ташқи ишлар вазирлиги биносининг 1-қаватида иккита қора илонни пайқаб қолишган.

Шу сабабли бинони “барча судралиб юрувчилардан тозалаш” ишлари олиб борилган. 

Маҳаллий ОАВнинг маълум қилишича, апрель бошида ҳам бинода шундай тозалаш ишлари олиб борилган. Президент маъмуриятида илонлар бинога қандай қилиб кириб қолаётганини аниқлашга ваъда берилган.

Таниқли собиқ футболчи Жорж Веа 2018 йил январдан Либерия президенти лавозимини эгаллаб келади. У ўз вақтида “ПСЖ”, “Милан”, “Челси”, “Манчестер Сити” каби номдор клубларда тўп сурган. 1995 йилда ФИФА версияси бўйича йил ўйинчиси, Европанинг энг яхши футболчиси (Олтин тўп) ва Африканинг йил ўйинчиси деб топилган.

Кўпроқ янгиликлар