Перунинг собиқ президенти ҳибсга олиниш вақтида ўз жонига қасд қилишга уринди

Жаҳон 20:38 / 17.04.2019 6992

Перунинг собиқ президенти Алан Гарсия полициячилар томонидан коррупция айблови бўйича қўлга олинмоқчи бўлганда ўзига ўқ узди. Айни вақтда сиёсатчи кома ҳолатида, деб хабар берди America телеканали.  

69 ёшли Гарсия Лимадаги уйида қўлга олинмоқчи бўлганда ўз жонига қасд қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у бўйнига ўқ узган.

Собиқ президент Лимадаги шифохонага етказилган. Перу соғлиқни сақлаш вазири Сулема Томас Гарсия оғир аҳволда эканини тасдиқлаган. Таъкидланишича, унинг юраги уч марта тўхтаган ва шифокорлар уни жонлантиришган.

Гарсия Перу президенти лавозимини икки марта – 1985-1990 ва 2006-2011 йилларда эгаллаган.

Перу ҳуқуқ-тартибот идоралари Гарсияни Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан пора олишда гумон қилмоқдалар. Компания Лима метроси учун электр поездлар ишлаб чиқаришда иштирок этган. Умуман олганда, Бразилия компанияси наф келтирувчи давлат шартномаларини олиш учун Лотин Америкасида юқори лавозимли амалдорлар, вазирлар ва президентларни сотиб олиш учун юзлаб миллион доллар сарфлаган.

2018 йил ноябрда Алан Гарсия Уругвай элчихонасида бошпана сўраган. Бундан олдин эса Перу суди унга мамлакатни 18 ой ичида тарк этишни тақиқлаб қўйган. Бироқ Уругвай ҳукумати Гарсияга бошпана беришни рад этган. 

2018 йил мартида Перунинг бошқа президенти Пабло Кучински импичмент таҳдидидан кейин ўз лавозимидан кетишга қарор қилган. Кучинскининг импичмент қилинишига уринишга олиб келган можаро у билан боғлиқ иккита фирма Odebrecht’дан катта суммада пуллар олгани ҳақида маълумотлар эълон қилингандан кейин авж олган.

Кўпроқ янгиликлар