Ўзбекистон ва Франция олий таълим, ҳуқуқ ҳамда молия соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон 14:28 / 17.04.2019 1537

2019 йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси, Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда ўзаро манфаатли барча соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кўпқиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Франция Ўзбекистоннинг Европадаги йирик савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2018 йил якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 19,1 фоизга ўсди. Маданий, гуманитар, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик фаоллашди.

Самарқанд шаҳрида 16 апрель куни ўз фаолиятини бошлаган Франция Фахрий Консуллигининг очилиши ушбу йўналишлардаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жан-Батист Лемуан Самарқанд ва Тошкент вилоятларига ташрифидан олган таассуротлари тўғрисида сўзлаб берди. Давлат котиби мазкур вилоятларда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди ва муваффақиятли ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат давомида 2019 йили бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Франция учрашувлари жадвали, жумладан, сиёсий маслаҳатлашувлар ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув якунида Ўзбекистон-Франция ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Давлат котиби Жан-Батист Лемуан ва Ўзбекистон Республикаси томонидан олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, адлия вазири Русланбек Давлетов, молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов Олий таълим, илмий тадқиқотлар, инновация ва махсус таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аҳдлашув баённомаси, Ҳуқуқ соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик тўғрисидаги маъмурий келишув, Давлат молияси соҳасида ҳамкорлик бўйича аҳдлашув баённомасини имзоладилар.

Кўпроқ янгиликлар