Кадастр соҳасига алоқадор петиция эълон қилинди

Жамият 14:01 / 17.04.2019 30028

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида кадастр йиғмажилди йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда нусха олишни соддалаштириш ҳақида петиция эълон қилинган.

Билдирилишича, ҳозирги вақтда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш аҳолига жуда кўплаб қулайликлар яратмоқда. 

“Эндиликда бу хизматларни кадастр соҳасига ҳам жорий этиш зарур деб ўйлайман. Чунки, кадастр хизматларидан фойдаланишда кўплаб оворагарчиликлар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш учун замонавий чораларни қўллаш керак”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таклиф қуйидагича: 

1-босқичда юридик ёки жисмоний шахслар кадастр йиғмажилди йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда, ундан янги нусха олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига буюртма беради; 

2-босқичда 2 иш куни мобайнида унинг эгаси аризасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиали архивида сақланаётган кадастр йиғмажилдининг мулк эгасига тегишли қисмларидан нусха олинади. Ушбу нусхалардан иборат кадастр йиғмажилдининг ҳар бир варағига туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси масъул ходими томонидан аслига тўғри деган ёзув киритилади ва имзоланади ҳамда Давлат хизматлари марказига юборади; 

3-босқичда Давлат хизматлари маркази томонидан ҳоким қарори, олди-сотди шартномаси, суд карори бўлган тақдирда биринчи бетига Давлат хизматлари маркази томонидан муҳр урилади ва юридик ёки жисмоний шахсга берилади. 

Қайд этилишича, шу тарзда мазкур хизматни жорий этиш кўплаб қулайликларни яратади.

Кўпроқ янгиликлар