Нурободда сиҳатгоҳ қурган тадбиркор «синиш» арафасида. Муаммога ечим борми?

Жамият 23:31 / 16.04.2019 33275

Президент Шавкат Мирзиёев маърузаларидан бирида тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлаганди.

«Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади», — деган эди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, президент тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилинади, дея огоҳлантирганди.

Тан олиб айтиш керак, тадбиркорларга бир қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилди, тўсиқ бўлаётган жиҳатлар бартараф этилди, янги имкониятлар эшиклари очилди.

Аммо таҳририятимизга тадбиркорлардан келаётган турли мазмундаги мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳали ҳам тадбиркорлар учун айрим тўсиқлар: муаммоларини ҳал этишда сансалорлик, йиллар давомида идорама-идора югуриш, раҳбарлар эшиги олдида бесамар вақт ўтказиш каби эскитдан қолган салбий жиҳатлар, эскича қарашлар ҳали ҳам мавжуд.

«Kun.uz» сайтига Самарқанд вилояти, Нуробод туманидан келган мурожаат ҳам шу мазмунда. «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ раҳбари Ваҳоб Сагдуллаев ўз мурожаатида катта маблағ эвазига сиҳатгоҳ қурганлиги, унинг фаолиятини бошлашда муаммолар борлиги, айни вақтда тадбиркорлик фаолияти оғир аҳволга келиб қолганлигини қайд этган.

Мазкур мурожаатни жойида ўрганиш учун Нуробод туманидаги Нурбулоқ шаҳарчасида бўлдик. Асли каттақўрғонлик, фаолиятини Нуробод туманида олиб бораётган тадбиркор Ваҳоб Сагдуллаев билан учрашиб, унинг эътирозларини тингладик.

«2017 йил июнь ойида меҳмонхона қуриш учун ер ажратишини сўраб, Нуробод тумани ҳокимлигига мурожаат қилдим. Турли талаблар қўйилди ва орадан олти ой ўтиб, туман ҳокими қарори чиқди. 40 ўринли меҳмонхона қуриш лойиҳаси қиймати 820 млн 277 минг 400 сўм бўлса, шундан бор-йўғи 80 миллион сўмини банкдан кредит олдим. Қолган барча харажатларни ўз ҳисобимдан қилдим. Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунланганидан сўнг, бинонинг орқа томонида 500 метр узоқликдаги шифобахш сув қудуғига уланиш учун туман ҳокимлиги ва бир нечта ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо ечим бўлмади.

Бир йилга яқин сарсонгарчиликлардан сўнг, маъданли сув қудуғидан меҳмонхонага сув бериш мумкин эмаслигини айтишганидан кейин 40 ўринли меҳмонхонани 2019 йил 16 январь куни «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ юридик шахс мақомига ўзгартириб, давлат рўйхатидан қайта ўтказдим. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тегишли лицензияни ҳам олдим. Аммо қурилиши ва жиҳозланиши 2018 йилда якунланган бинони меҳмонхона қилсак ҳам, сиҳатгоҳ қилсак ҳам фаолиятини йўлга қўя олмаяпмиз. Радонли сув қудуғига улаб берилмаяпти. 2019 йил январь ойидан бошлаб, банкдан олган кредит маблағини ҳам тўлай бошладим. Бор топганимизни шу лойиҳага сарфладик. Аммо тўсқинлик туфайли иш бошлай олмаяпмиз. Бор-будимизни сарфлаб, энди «синиш» арафасидамиз. Билмадим, рақобатми бу, аммо бизга етарлича тўсқинликлар бўляпти. Алам қиладигани, бирорта ташкилот бу масалада ёрдам бергани йўқ. Вилоят ва туман ҳокимлари ҳам бу масалани ҳал этиб беролмади. Вилоят раҳбари Э.Турдимов тадбиркорларни қўллаб-қувватлашини эшитиб, у кишининг қабулига ҳам боргандим. Масъул мутасаддига ўрганиш учун топшириқ берди. Аммо топшириқ ўша ернинг ўзида, вилоят раҳбари олдида қолиб кетди. Ҳеч нарса ўзгармади, биров кимсан, нима қиляпсан, деб сўрамади ҳам. Кимдан, қандай ёрдам сўрашни ҳам билмаймиз», – дейди Ваҳоб Сагдуллаев.

Тадбиркор қурган бинони кўздан кечирдик. Икки қаватли, замонавий бино. Хоналар ҳам талаб даражасида жиҳозланган. Шу вақтга қадар мутасаддилар шундай бинодан унумли фойдаланиш чораларини кўрмаганлиги ажабланарли. Ҳарҳолда бундай замонавий бино қуриш тадбиркор учун осон бўлмаганлиги кўриниб турибди.

Хўш, муаммо аслида нимада?

Тадбиркорнинг эътирозлари асосида ҳужжатлар билан танишдик. Идорама-идора югураверганидан унинг қўлида жавоб хатларию бошқа ҳужжатлар анча тўпланиб қолибди.

Аслида тадбиркор учун тўсиқлар 2017 йилда ер сўраб мурожаат қилгандаёқ бошланган. Унинг айтишича, туман ҳокимининг қурилиш ишларига масъул ўринбосари О.Бўтаев ер ажратиш учун тадбиркордан 4 тонна металлолом талаб қилган. Тадбиркор бу талаб асосида «Ҳудудий иккиламчи қора металлар» МЧЖга 4 тонна металлолом топширади. Бу ҳақида 2017 йил 17 июлдаги 1620-сонли далолатнома ҳам мавжуд.

Аммо шу билан тадбиркорнинг масаласи ҳал бўлмайди. Орадан вақт ўтиб, йил охирида, яъни 2017 йил 26 декабрда туман ҳокимининг 1267-Қ-сонли «Манзилли дастур асосида қурилиши режалаштирилган 40 ўринга мўлжалланган меҳмонхона биносини қуриш учун ер майдони танлаб ажратиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинади. Бундан кўриниб турибдики, лойиҳа туманнинг 2018 йилги манзилли дастурига киритилган.

Тадбиркор ушбу меҳмонхонани қуриб, замонавий жиҳозлагандан кейин радонли шифобахш сув қудуғига улаш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Нафақат маҳаллий ҳокимлик, масала ҳал бўлмагандан кейин турли ташкилотлардан ёрдам сўрайди. Аммо масала ижобий ҳал этилмайди.

Шундан кейин тадбиркор 40 ўринли меҳмонхонани 2019 йил 16 январь куни «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ юридик шахс мақомига ўзгартириб, давлат рўйхатидан ўтказади. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан тегишли лицензияни ҳам олади.

Бироқ тадбиркор қурилиши ва жиҳозланиши ўтган йили якунланган бинони меҳмонхона қилса ҳам, сиҳатгоҳ қилса ҳам фаолиятини йўлга қўя олмай сарсон. Сабаби, шифобахш радонли сув қудуғидан фойдаланиш учун рухсат берилмаяпти. «Абу Али ибн Сино» сиҳатгоҳи қудуқларидан шартнома асосида маъданли сув тортиб келиш деярли имконсиз. Икки-уч километр масофага асфальт йўллар ва уйларнинг остидан тармоқ тортишнинг имкони деярли йўқ. Қолаверса, бу катта маблағ талаб қилади. Шундоқ ҳам лойиҳага бор-будини сарфлаб бўлган тадбиркорга бу оғирлик ҳам қилади. Аммо тадбиркор қурган сиҳатгоҳ биносининг орқа томонида 500 метр узоқликда бошқа қудуқ мавжуд. Турли ташкилотлар эшигида сарсон бўлаётган тадбиркорга мазкур муаммо ҳал қилиб берилмаяпти.

Унинг қўлида мурожаатларига 3-сектор раҳбари, Нуробод тумани ИИБ бошлиғи, туман ҳокимлиги, Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси, вилоят прокуратураси ва бошқа ташкилотлардан келган жавоб хатлари талайгина.

Барча жавоб хатлари у ёки бу ташкилотга мурожаат қилиш тавсия қилинган мазмунда. Бирор ташкилот масаланинг ижобий ечими учун амалий ҳаракат қилмаган. Саргардон тадбиркорни янада сарсон қилишган, холос.

Ушбу ҳолат юзасидан Нуробод тумани ҳокимлигида ҳам бўлдик. Туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Наврўз Раҳмонов билан суҳбатлашдик. Мутасадди маъданли сув қудуғига уланиш масаласини ҳал этиш туман ҳокимлиги ваколатига кирмаслигини билдирди.

Мутасадди ташкилотлар фақат тавсиявий жавоб хатлари билан чегараланса, маҳаллий ҳокимлик тадбиркорга ёрдам бериш, тегишли ташкилотларга таклиф билан чиқиш ўрнига ваколатига кирмаслигини билдирса, вилоят ҳокимининг тадбиркор муаммосини ўрганиш юзасидан масъул мутасаддига берган топшириғи ижроси таъминланмай қолаверса, унда тадбиркор бошини қаерга урсин!? Ўз ҳисобидан бир миллиард сўмга яқин маблағ сарфлаган. Сиҳатгоҳ фаолиятини йўлга қўймаса, тадбиркор шунча маблағга куйиб қолади.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳафтанинг ҳар жума куни тадбиркорлар учун қабул ўтказишидан, муаммоларини ҳал этишидан хабаримиз бор. Бу тадбиркорнинг муаммосига-чи, ечим топиладими?

«Kun.uz» Нуробод тумани, Нурбулоқ шаҳарчасидаги тадбиркор, «Абдуқодир ота сув билан даволаш сиҳатгоҳи» МЧЖ раҳбари Ваҳоб Сагдуллаевнинг муаммоларига вилоят ва туман мутасаддилари томонидан эътибор қаратилишига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,
«Kun.uz» мухбири.

Кўпроқ янгиликлар