Нотр-Дам-де-Пари навбатдагиси: тарихдаги улкан ёнғинлар

Жаҳон 16:15 / 16.04.2019 25057

Халқимизда “ўт балосидан асрасин” деб дуо қилиниши бежизга эмас. Ёнғинлар ҳамиша кутилмаганда бўлган ва улкан талофатлар келтирган. Париждаги бутун дунёга машҳур Нотр-Дам-де-Пари – Муқаддас она черковида юз берган ёнғин сабаб тарихда юз берган ва осори-атиқаларга қаттиқ зиён етказган ёки култепага айлантирган улкан ёнғинларни ёдга оламиз.

Буюк Рим ёнғини

Бу қадимий ва муаззам шаҳар 64 йилда узлуксиз 5 кун ёнди. Ёнғин атайлаб уюштирилгани тахмин қилинди ва император Нерон шаҳарда улкан қаср қуриш ниятида эканлиги ёки христианлар фитнаси деб қаралди. Улкан ёнғин натижасида Римнинг 14 туманидан 10таси бутунлай ёниб кетди. Император Нерон чиндан ҳам очилган майдон ўрнига серҳашам қаср қурди, аммо ундан кўп фойдалана олмади, ҳокимиятдан четлатилди.

Артемида ёнғини – Герострат қилмиши

Тарихдаги барча ёнғинлар ҳам бахтсиз ҳодиса ёки душманлар ҳужуми туфайли юз бермаган. Милоддан аввалги 356 йилда Эфес шаҳрида яшаб ўтган Герострат исмли шахс тарихда ўз номини муҳрлаб қўйиш учун чора излайди ва энг осон ҳамда қабиҳ йўлни танлайди – муқаддас Артемида ибодатхонасини ёқиб юборади. Уни тутганларида “мен қилдим, буни мен қилдим” дея ҳайқиради. Судда у ўз айбини яна бир бор тан олиб, буни тарихга кириш ва авлодлар эслаб юриши учун қилганини айтади. Суд Геростратни ўзига хос жазо – унутилишга ҳукм қилади. Аммо айбдор жазоларга қарамай мақсадига эришади, тарихга муҳр этилади. Ҳозирга қадар ҳам бемаъни қилмишлар Герострат қилиғига менгзалади.

Лондон, 1212 ва 1666 йиллар

Англия дунё бўйлаб чексиз ҳудудларни эгаллаганига қарамай ўз пойтахтида ер ҳамиша танқис бўлган ва бинолар жуда зич қурилган. 1212 йилдаги ёнғин ҳақида кўп маълумотлар сақланмаган, лекин шуниси аниқки шаҳарнинг тўртдан уч қисми ёниб кетган ва 3 мингдан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Аммо 1666 йилдаги ёнғин ҳақидаги маълумотлар муфассал ёзиб қолдирилган. Бу ёнғин аввалгисига нисбатан анча кучли кечган ва 13 200 дан ортиқ уй ва бинолар ёниб битган. 4 кун давом этган ёнғин таъсирида шаҳарнинг асосий қисми кулга айланган, аммо энг қизиғи бор-йўғи 6 киши ўлгани қайд этилган. Ёнғиннинг фойдали жиҳатлари ҳам бўлгани айтилади. Гап шундаки Лондон ўша пайт ўлат каби оғир юқумли касалликлар, зараркунандалар, хусусан каламушларга тўла шаҳар эди. Ёнғин таъсирида барча зарарли омиллар бартараф бўлди ва камбағаллар яшовчи харобазорлар ҳам кулга айланди.

Айнан ана шундан кейин Лондон ҳақиқий замонавий шаҳарга, дунё марказига айлангани таъкидланади ва бу янги шаҳарда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча мўрилар тошдан ясалиши талаб қилина бошланди.

Москва ёнғини, Наполеон алами

1812 йилда Москвани французлар забт этдилар ва айнан шу йили Россия пойтахти улкан ёнғин домида қолди. Расман бу ёнғинни французлар уюштиргани айтилади. Аммо тарихчилар енгилган ва чекинаётган пойтахт ҳокими Фёдор Растопчиннинг шаҳарни душман қўлига қолдиришдан кўра атайлаб ёқиб юборишни афзал билганини қайд этганлар. Урушгача 270 минг аҳолиси бор шаҳарда бу пайтга келиб 6 минг атрофида одамлар қолганди. Аммо ярадор аскарлар ҳисобга олинмаган, улар ёнғин ва душман қўлида нобуд бўлишган.

4 кун давом этган ёнғин таъсирида шаҳарнинг икки асосий ҳудуди ва атрофдаги қишлоқларнинг аксарияти куйиб кетди.

Чикаго ёнғини ва йўқотилган 17 минг бинолар

Таъкидлаш жоизки, ёнғин хавфсизлиги деган тушунча яқин асрларда ҳам жуда юзаки бўлган. Бинолар зич қилиб қурилган, қурилиш материаллари ёнувчан бўлган, ҳар бир хонадондаги очиқ оловлар эса аланга олиш хавфини оширган.

1871 йилдаги Чикаго фожиаси бунга ёрқин мисол бўла олади. Ўшанда шаҳар деярли тўлиқ аланга ичида қолди ва 17 мингдан ортиқ иншоот бутунлай ёниб битди. Ёнғинга О`Лири оиласининг омборидан чиққан оддий учқун сабаб бўлгани қайд этилган. Ўт ўчирувчилар ожиз қолгани туфайли аланга кўкка ўрлаган ва бутун шаҳарни қамраб олган. Шунга қарамай одамлар орасида йўқотиш нисбатан кам бўлган, 300 инсон жизғанак куйиб ўлган.

Сан-Франциско, суғурта илинжи

1906 йилнинг 18 апрели АҚШнинг Сан-Франциско шаҳри тарихига энг қора кунлардан бири сифатида битилган. Бунда ҳам зилзила юз беради ва оддий ёнғинларни жиловлаб бўлмай қолади. Яна икки сабаб вазиятни оғирлаштиради: бошлиқлари Деннис Салливаннинг ҳалок бўлгани туфайли ўт ўчирувчилар бошқарувни йўқотадилар, оддий аҳоли ҳам суғурта илинжида эски уйларини ёқа бошлайди ва натижада ёнғин бутунлай бошқариб бўлмас даражага чиқади.

Натижа шунга яраша бўлди – 25 минг уй ва бинолар кулга айланди, 3 минг киши нобуд бўлди.

Япония, Канто фожиаси

1923 йилнинг 1 сентябрида Токиодан 90, Йокогамадан 65 км масофадаги эпимарказда кучли зилзила содир бўлди. 360 марта қайталанган зилзилалар у қадар зарар келтирмаслиги мумкин эди, аммо уларнинг асоратлари оғир бўлди. Зилзила таъсирида ёнғинлар келиб чиқди ва кучли шамол уларни яшин тезлигида ёйиб юборди. 175 минг киши ёнғин ва ис газидан заҳарланиб нобуд бўлди, ярим миллиондан ортиқ инсон бедарак йўқолди.

Бу ёнғиннинг яна бир аянчли жиҳати йирик шаҳарлардаги кўплаб тарихий ва замонавий бинолар, минг йиллик ибодатхоналарни кулга айлантирди.

Сеул, замонавий Герострат

Геростратнинг аҳмоқлигини яна бир замондошимиз қайтарган. 2008 йилда Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрининг рамзларидан бири – Катта Жанубий Дарвоза (Намдэмун) осори-атиқасида ёнғин келиб чиқди. Ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай 1398 йилда қуриб битказилган тарихий ёдгорлик бутунлай ёниб кетди.

Олти асрни ортда қолдирган бу ёдгорликни Чхэ исмли, 69 ёшли шахс ёққани маълум бўлди. Ўз айбини тан олган Чхэ бу ишни шаҳар маъмуриятидан аламзадалиги билан изоҳлади. Ёдгорликни қайта тиклаш ишлари икки йил вақт ва 20 млн доллардан ортиқ маблағ талаб қилди.

Аброр Зоҳидов.

Кўпроқ янгиликлар