Месси, Роналду, Гвардиола ва Клопп. Мадриддаги финалга ким етиб боради?

Спорт 13:13 / 16.04.2019 18364

Бу ҳафтада Чемпионлар лигасида чорак финал доирасида жавоб учрашувлари бўлиб ўтади. 

Сульшер - Фергюсон: шогирд давом эттирадими?

«Барселона» - «Манчестер Юнайтед»
16 апрель. Барселона. «Камп Ноу» стадиони
Биринчи ўйин: 1:0

20 йил муқаддам «Манчестер Юнайтед» «Камп Ноу»да уддалаб бўлмас ишни уддалаб бўлган. Кўпчилик эслайди: Чемпионлар лигаси финалида «Бавария» 90-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида олдинда борган - кейин эса қўшимча дақиқаларда иккита гол ўтказиб юборган. Ўшанда «қизил иблислар» ҳозиргидан бир неча баробар қийин вазиятда қолганди, ўшанда мўъжиза содир этиш учун Алекс Фергюсон (у ҳали сэр эмасди) шогирдларида бир неча дақиқа бўлган, ҳозир эса бутун бошли 90 дақиқа бор.

Буюк шотланд бугун ҳам Барселонада - «МЮ» собиқ бош мураббийни бортда бирга олиб келган. Бу «Юнайтед» учун катта кўмак, Фергюсоннинг катта ёшли футболчилар олдида ҳам, ёш футболчилар олдида ҳам, мураббийлар олдида ҳам мавқеи беқиёс.

Айнан Фергюсон 1999 йилги финалда Тедди Шерингем ва Сульшерни захирадан ўйинга туширган, бу икки футболчи якунда фантастик натижа келтирганди. Ҳозирда норвегиялик собиқ футболчи ўз ихтиёридаги футболчиларни ўйинга қандай руҳлантириш устида бош қотирмоқда. «Манчестер Юнайтед» «Олд Траффорд»даги биринчи ўйинда рақиб дарвозаси томон бирор марта аниқ зарба йўлламаган, шу билан бирга ўз дарвозасидан атиги битта гол ўтказиб юборганди. Лекин ёддан чиқармаслик керакки, бу жамоа нимчорак финалдаги биринчи ўйинда «ПСЖ»га икки тўп фарқи билан ютқазган, аммо жавоб ўйинида бу фарқни йўққа чиқариб, кейинги босқичга йўл олганди.

Албатта, «Барса» парижликлардан бирмунча кучлироқ рақиб, бу жамоанинг биринчи ўйиндаги натижасига прагматик нуқтаи назардан қараш лозим, каталонияликлар бу сафар эҳтиёткор ўйнашмоқда, жамоа 2015 йилги чемпионликдан кейинги 3 мавсумда чорак финалда қоқилган, Манчестердаги охирги ўйинга қадар плей-оффда 6 ўйинда бирор марта ғалаба қозонолмаган (+0=2-4, тўплар нисбати - 1:13).

Шу билан бирга, бу ўйинга тайёрланиш учун Сульшерга вақт етарли бўлмаган бўлиши мумкин. Шу кунларда у матбуот орқали УЕФАга эътирозларини билдирди. У «МЮ» ва «Барселона» нега биринчи ҳафтада чоршанба куни ўйнаб, иккинчи ҳафтада сешанба куни ўйнашга мажбур бўлишига изоҳ талаб қилди.

Роналду «Аякс» ёшларига қарши

«Ювентус» - «Аякс»
16 апрель. Турин. «Ювентус Арена» стадиони
Биринчи ўйин - 1:1.

«Аякс» аввалги босқичда ҳам уй учрашувида фаворитга қарши муносиб ўйнаб ютқазиб қўйганди. Туриндаги жавоб ўйини арафасида барча амстердамликлар қандай қилиб «Реал» тўсиғидан ўтганини эсламоқда.

Нидерландлар «Ювентус»га қарши биринчи ўйинда ҳам кучли ўйин намойиш этишди. Европа бир ҳафта давомида Амстердамдаги ўйиннинг стоп-кадрларини муҳокама қилмоқда. Қуйидаги мисолда ҳам «Аякс» қандай қилиб «Ювентус»ни қамал қилганини кўриш мумкин.

Туринликларда бу рақибдан чўчишга асослар етарлича: «Аякс» ҳамиша бир хил услубда ўйнайди, уйдами сафардами фарқи йўқ. Бу шуни англатадики, биз рақибни ҳурмат қилишимиз керак», дейди Массимилиано Аллегри. Аяксидларнинг кучига етарлича баҳо бермаган охирги мураббий йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, истеъфога кетганди. Аммо Аллегри Сантьяго Соларининг хатоларини такрорламасликка уринмоқда, қолаверса унинг ихтиёрида соғлом ва тетик Криштиану Роналду бор.

«Ювентус» дам олиш кунларида ўтказилган тур ўйинида СПАЛга қарши иккинчи таркиб билан ўйнади ва мағлуб бўлиб, чемпионликни кечиктирди. Шу билан бирга олдиндаги мураккаб ўйин учун куч тежалди. Туринликлардан фарқли равишда «Аякс» ўтган ҳафтада тур ўйинида жиддий йўқотишга учради - жамоа етакчиларидан бири Френки де Йонг белидан жароҳат олди ва у кўп эҳтимол билан жавоб ўйинида жамоага ёрдам бера олмайди.

Клопп яримфиналга тайёрланмоқда

«Порту» - «Ливерпуль»
17 апрель. Порту. «Драгау» стадиони
Биринчи ўйин - 0:2.

«Ливерпуль» ўтган ҳафтада Англия чемпионатидаги ҳал қилувчи ўйинда ғолиб бўлди. «Челси»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган қизиллар энди қолган турларда «Манчестер Сити» очко йўқотишини кутади. Мерсисайдликларда яна 4та рақиб қолди ва бу рақиблар билан ўйинларда 12 очко олиш мумкин: «Кардифф» ва «Ҳаддерсфилд» турнирни аллақачон амалда тарк этган ва ҳеч қандай мотивациясиз қолган, Клопп жамоаси «Ньюкасл» ва «Вулверҳемптон»ни ҳам ортиқча куч ишлатмасдан, шунчаки савия эвазига мағлуб эта олади. «Шаҳарликлар» эса «МЮ» ва «Тоттенҳэм» каби кучли рақибларга қарши майдонга тушади.

Чемпионлар лигасида эса ҳар бир ўйинга жиддий ёндашув зарур. Ҳатто «Энфилд»даги биринчи ўйинда 2:0 ҳисобида мағлуб этилган «Порту»га қарши жавоб ўйинига ҳам. «Ливерпуль» ўз уйида «аждарлар»ни жуда йирик ҳисобда мағлуб этолмади ва жавоб ўйинида ҳам эҳтиёткор ҳаракат қилишга тўғри келади.

Лекин «Порту» ўз уйидаги ўйинда бир гол ўтказиб юборса, 4та гол уриши талаб этилади. Ҳозирги «Ливерпуль»га қарши эса бундай натижага эришиш деярли имконсиз. Шундай экан, яримфиналнинг илк иштирокчиси маълум бўлиб улгурган, дейиш ҳам мумкин.

«Ливерпуль» ҳам турнир фаворитларидан бири. Бу жамоа бир йил муқаддам финалда ўйнаб улгурган, ўтган вақт давомида эса Клопп жамоани сезиларли даражада кучайтирган.

Гвардиола ҳалокат ёқасида

«Манчестер Сити» - «Тоттенҳэм»
17 апрель. Манчестер. «Этиҳад» стадиони
Биринчи ўйин - 0:1.

«Манчестер Сити» бош мураббийи «квадрупл» (quadruple - сўзма-сўз таржимада тўрт карра) ҳақидаги саволлардан чарчади. Тарихда ҳеч бир инглиз жамоаси бир мавсумда тўртта совринни ўзиники қила олмаган, аммо апрель ойи ҳолатига кўра «Сити»да бунинг учун назарий имкониятлар мавжуд: Англия Лигаси кубоги аллақачон қўлга киритилган, Англия Кубогида жамоа финалга чиққан, премьер-лигада «Ливерпуль» билан қўшҳокимлик қилмоқда, Чемпионлар лигасида эса аҳвол бироз қийинроқ.

Еврокубок доирасида Гвардиола Лондондаги биринчи ўйинда «Тоттенҳэм»га гол уролмай ютқазди ва вазиятни оғирлаштирди. Айни вақтда букмекерлар «Сити»ни фаворит деб ҳисоблаётган бўлишсада, майдонда исталган воқеалар рўй бериши мумкин. «Тоттенҳэм» билан ўйинда биз «Шальке»га қарши биринчи ўйинимиздан яхшироқ ўйнагандик. Аммо Лондонда биз пенальтидан унумли фойдалана олмадик, Германияда эса Сане 45 метрдан гол урганди», деди ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Хосеп Гвардиола.

Каталониялик мутахассис билан бемалол баҳслашиш мумкин: Лондондаги баҳсда «Сити»да ўйин борасида жиддий муаммолар кўзга ташланди. Гап фақат пенальтидамас: «Тоттенҳэм» Англия чемпионига қарши яхши тайёрланган ва сифатли ўйин намойиш этганди. Тўғри, бу ўйинда «шпорлар» асосий футболчисидан айрилди - шу ўйинда жароҳат олган Ҳарри Кейн мавсум якунига қадар сафдан чиққан. Аммо унинг йўқлигини Сон Хин Мин билдирмай туради. Гвардиола жавоб ўйинида ўта эҳтиёткор бўлиши керак - йўқса «Сити» қаторасига иккинчи мавсумда инглиз жамоасига ютқазиб, ЕЧЛни чоракфиналдаёқ тарк этиши мумкин.

Агар Гвардиола Барселонадан кейинги фаолиятида Чемпионлар лигасида кузатилаётган комплексдан қутула олса ва яримфиналга ўтса, унинг жамоасини турнир фаворитларидан бири деб ҳисоблай бошлашади. Бунинг учун жамодан халқаро турнирда ҳам Англия чемпионатидаги каби ўйин намойиш этиш сўралади, холос.

Бугун ва эртага ўтказиладиган ўйинлардан кейин Европанинг 4та энг кучли жамоаси аниқ бўлади. Агар Роналду бошчилигидаги туринликлар аяксидлар тўсиғидан ўта олса, май ойида яримфиналда «Тоттенҳэм» ва «Сити» жуфтлиги ғолибига рўбару келади. Лионель Месси бошчилигидаги каталонлар эса «МЮ»га қарши ўйинда вазифани бажарса, финал остонасида катта эҳтимол билан ўтган мавсум финалчиси «Ливерпуль»га қарши икки ўйин ўтказади. Европанинг энг кучли жамоаси эса 1 июнь куни Мадриддаги «Ванда Метрополитано» ўйингоҳида аниқланади.

Айни вақтда кўпчилик футбол мухлислари «Барселона» ва «Ювентус» ўртасидаги финални орзу қилишмоқда. Аммо ёзнинг биринчи кунида афишаларда Роналду ва Месси эмас, Агуэро ва Салоҳ ёки мўъжизалар давом этса, Погба ва Зиёшнинг суратларини кўришимиз ҳам мумкин. Майдон текис, тўп юмалоқ, футболда ҳар қандай натижа рўй бериши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар