Бензема гол урди, аммо қаҳрамон бўлолмади. «Реал» яна очко йўқотди

Спорт 09:30 / 16.04.2019 8505

Испания чемпионатининг 32-турида «Леганес» меҳмони бўлган Зинедин Зидан яна ғалаба қозона олмади.

Испания чемпионати. Лига 1. 32-тур
«Леганес» – «Реал» – 1:1 (1:0)
Голлар: Сильва, 45 (1:0). Бензема, 51 (1:1).
«Леганес»: Куэльяр, Ньом, Бустинса, Омеруо, Сиовас, Сильва, Весга (Ресио, 85), Перес, Эрасо (Эл-Жар, 71), Каррильо (Эн-Несири, 65), Бретуэйт.
«Реал» (Мадрид): Навас, Марсело, Начо, Варан, Карвахаль, Каземиро, Модрич, Вальверде, Асенсио (Бэйл, 80), Иско (Васкес, 77), Бензема.
Огоҳлантиришлар: Карвахаль, 48, Асенсио, 61, Вальверде, 67.
Ҳакам: Хименес.
15 апрель. Леганес. «Мунисипаль де Бутарке» стадиони.

Бэйлсиз старт
Ўтган турда «Эйбар»га қарши ишончсиз ўйиндан кейин (мадридликлар Бенземанинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришишганди), Зинедин Зидан олдида қийин вазифа турганди - қаторасига иккинчи ўйинда бир хил сценарий такрорланмаслиги. Франциялик мураббий бу ўйинга аввалги ўйиндан етарлича хулосалар олган ҳолда тайёрланди. У ўйиндан аввал жамоада ёзда жиддий тозалашлар бўлишига ишора қилди: «Трансфери каттагина маблағ келтирадиган футболчилар бор». Испанияда, умуман ҳамма жойда мураббий бу орқали Гарет Бэйлни назарда тутганини тахмин қилишмоқда. Ва кутилганидек «Леганес»га қарши ўйинни уэльслик футболчи захира ўриндиғида бошлади. Жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлиб турган Бенземага ёрдам учун Иско ва Асенсио илк дақиқаларданоқ майдонга ташланди. Майдон марказида Каземиро ва Модричга ёрдам учун эса 20 ёшли Федерико Вальверде йўлланди.

Иккинчи даврада бельгиялик ҳужумчи Давид Бретуэйт билан таркибни кучайтирган мезбонларнинг ўйинида ҳам ўсиш кузатилди ва бу жамоа айни вақтга келиб лигада қолиш вазифасини бажариб бўлган, агар «Реал»га қарши ўйинда ғалабага эришса, бу жамоа турнир жадвалида 13-ўриндан 7-ўринга кўтарилиб олиши ҳам мумкин эди.

«Леганес»нинг кутилмаган голи
«Реал» илк дақиқаларданоқ олдинга ташланди ва биринчи ҳужумдаёқ дарвоза соҳасига аниқ зарба йўлланди, дарвозабон ўзини кўрсатди. 15-дақиқада эса фақат омадсизлик туфайли Бретуэйт ҳисобни оча олмади. Бу вазиятда у жарима майдонига ташлаб берган тўпга боши билан тегинди, тўп эса устунни силаб ўтиб кетди.

«Реал» бўлим давомида шошмасдан ҳаракатланди, қанотлардан Бенземага тўп узатиб беришга уринди. Икки томон ҳам айтарли хавфли вазиятлар яратмади. Бўлим охирига келиб меҳмонлар узоқ масофалардан дарвозани нишонга ола бошлади, аммо бу зарбаларнинг барчаси ноаниқ кетаверди. Бўлимнинг охирги дақиқасида эса «Леганес» кутилмаганда ҳисобни очди. Бретуэйт рақиб жарима майдонида тўп учун курашда ғолиб келиб, уни Хонатан Сильвага узатди, у эса тўпни дарвоза бурчагига аниқ йўналтирди.

Қутқарувчи Бензема
Иккинчи бўлимда «Реал» катта иштиёқ билан майдонга тушди ва ҳужумкорликка зўр берди. Биринчи бўлим охирида ўтказиб юборилган гол «Қироллик клуби» футболчиларини тезкорроқ ҳаракат қилишга мажбур этди. Иккинчи бўлимнинг илк ўн дақиқалиги тугамасданоқ ҳисоб тенглашди. Яна Карим Бензема аниқ ҳаракат қилди, у қаторасига учинчи ўйинда гол уриб, яна бир бор «Реал»ни шармандаликдан қутқариб қолди.

Бу ушбу тажрибали ҳужумчининг чемпионатдаги 18-голи бўлди. Энди у чемпионат тўпурарлари пойгасида иккинчи ўринда бораётган Луис Суаресни 2 гол фарқи билан таъқиб қилмоқда.

Ҳисоб тенглашганидан кейин «Реал» ҳужум қилишда давом этди, аммо энди темп пасайганди. «Леганес» эса қарши ҳужумларда ҳаракат қилди. Зидан ҳужум чизиғига янги қон сифатида қанотларда алмаштиришларни амалга оширди: аввалига Иско ўрнига Васкес туширилди, ўйин якунига 10 дақиқа вақт қолганида Асенсио ўрнини Бэйл эгаллади. Лекин бу ўзгаришлар фойда бермади. «Леганес» урган гол эса офсайд туфайли бекор қилинди. Бу бекор бўлган голдан икки дақиқа ўтиб, Бретуэйт рақиб жарима майдонига ёриб кирди, аммо Варанни алдаб ўтишда охирги финтда хато қилди. «Реал» эса якуний штурмни амалга ошира олмади. Зидан жамоаси навбатдаги Мадрид дербисида очко йўқотди ва турнир жадвалида «Атлетико» билан орадаги фарқ янада йириклашди.

Турнир тўпурарлари

Тур ўйинлари

Турнир жадвали

 

Кўпроқ янгиликлар