ФИФА ирқчилик ҳолатида учрашувларни тўхтатишни ёқлаб чиқмоқда

Спорт 10:42 / 14.04.2019 4466

ФИФА президенти Жанни Инфантино мухлислар томонидан футболчиларга нисбатан ирқчилик қилинса, учрашувларнинг тўхтатилишини ёқлаб чиқди. Айни вақтда ташкилот тегишли тартиботни ишлаб чиқди, деб маълум қилинган Инфантино баёнотида.

“Охирги кунларда футболда ирқчилик ҳолатлари юз бераётганини кузатиш қайғулидир, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Ирқчиликка футболда ва жамиятда ўрин йўқ”, деб айтилган баёнотда.

Таъкидланишича, ФИФА 3 босқичдан иборат тартиботни ишлаб чиққан. У ўзидан камситиш ҳолатларида ҳакамларга ўйинни тўхтатишга ижозат берувчи механизмни акс эттиради.

“ФИФА барча уюшмалар, лигалар, клублар ва интизомий идораларни худди шундай тартиботни қабул қилиш ҳамда футболда ирқчилик ҳолатларига тоқатсизлик билан ёндашишга ҳамда ҳар қандай бундай хатти-ҳаракатга қатъий санкциялар қўллашга чақиради. Биз ирқчиликка қарши курашда илғор бўлиб қоламиз ва барча уюшмаларимизга бу муаммони ҳал қилишда бизнинг тўлиқ қўллаб-қувватловимизга таянишларини кафолатлаймиз”, деб айтган Инфантино.

Бугунги кунда ФИФА, УЕФА линияси ҳамда миллий футбол уюшмалари даражасида ирқчиликка қарши кураш олиб борилади. Бунга қарши кураш усулларидан бири жаҳон футболи юлдузлари ва турли давлатлар жамоаларини жалб қилган ҳолда ирқчиликка қарши кампаниялар ҳисобланади. Шунингдек, мухлислари ўзини номақбул тутадиган клублар жаримага тортилади.

Бундан ташқари, УЕФА ирқчиликка қарши курашни асосий мақсади сифатида қўювчи алоҳида FARE (Football Against Racism in Europe – Европада футбол ирқчиликка қарши) уюшмасини молиялаштиради. Бу уюшма Шарқий Европадаги элатларни қўллаб-қувватлаб кўп миллатли футбол мусобақалари, хайрия акциялари ҳамда ирқчиликка қарши реклама кампанияларини ўтказади. 

Кўпроқ янгиликлар