«Янги Роналду» Европа лигасида ҳет-трик қайд этган тарихдаги энг ёш футболчига айланди

Спорт 09:19 / 12.04.2019 19996

«Бенфика» Европа Лигасининг чорак финалида «Айнтрахт»га қарши илк ўйинни ўз майдонида ўтказиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг асосий қаҳрамони – ҳет-трик ва битта ассист билан тўртала голда ҳам иштирок этган ҳужумчи Жоау Фелиш бўлди.

Кеча лиссабонликнинг ушбу ҳужумчиси 19 ёшга тўлганидан 152 кун ўтганди. Натижада у Европа лигасида тарихида ҳет-трикка эришган энг ёш футболчига айланди.

Бунга қадар ушбу мақом «Фиорентина» ҳужумчиси Марко Пьяцага тегишли эди. У 19 ёш-у 219 кунлигида турнирнинг битта ўйинида учта гол урганди.

Фелиш, шунингдек, Европа лигасида гол урган энг ёш португалиялик футболчи ҳамдир. У турнирда ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга асосий номзодлардан бири саналмоқда.

Жоау «Порту» тарбияланувчиси ҳисобланади. У портуликлар академиясида 7 йил шуғулланиб, сўнг пойтахтга йўл олган ва «Бенфика» таркибига қўшилган. Профессионал футболдаги дебюти шу мавсум бошига тўғри келади. Ҳозирга қадар Португалия чемпионатининг 20та ўйинида 10та гол ва 4та самарали узатма муаллифи бўлди.

Кўпроқ янгиликлар