Ўйин вақтида майдон марказигача чиқиб борган Нўъмон Ҳасановга дисквалификация ва жарима қўлланди

Спорт 16:39 / 10.04.2019 11230

«Қўқон-1912» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов 7 апрель куни Суперлига 3-тури доирасида Олмалиқда кечган ОКМКга қарши ўйин (1:7) вақтидаги хатти-ҳаракатлари учун ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан жазоланди.

«Учрашув давомида қўқонликлар устози ҳакам қарорларига кескин эътироз ва норозилик билдирган. Жумладан, учрашувнинг 74-дақиқасида «Қўқон-1912» дарвозасига белгиланган пенальтидан кейин, техник зонани тарк этган ва учрашув бош ҳакамига кескин равишда эътироз билдирган. Ушбу вазият учрашув назоратчиси ва комиссари рапортида, шунингдек, учрашув видеоёзувида акс этган», – дейилади ПФЛ расмий билдиришида.

Маълум қилинишича, юқоридаги ҳаракатлари сабаб регламентнинг 5.57 бандига асосан Нўъмон Ҳасановга нисбатан интизомий чора қўлланди. Унга кўра, бош мураббий Тартиб-интизом кодекси 5.06 ҳамда 5.18 моддаларига биноан 1та учрашувга четлатилди ҳамда 10 млн сўм жаримага тортилди.

ПФЛ, шунингдек, бундай вазият яна такрорланса, клуб ва мураббийга нисбатан қаттиқроқ чора кўриши мумкинлиги ҳақида иккала томонни ҳам қаттиқ огоҳлантирган.

Кўпроқ янгиликлар