Германияда бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони ҳибсга олинди 

Спорт 20:01 / 07.04.2019 12768

Германияда бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Феликс Штурм ҳибсга олинди. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди. Штурм солиқ тўламасликда айбланмоқда. 

Собиқ боксчи 2016 йилда фаолиятини якунлагач, ўзининг тарихий ватани Боснияга қайтган. 

Германияда боксчига суд даъвоси хавф солган. Гап шундаки, Штурм охирги жангида россиялик Фёдор Чудинов устидан баҳсли ғалабани қўлга киритган ва ундан WBA чемпиони камарини тортиб олган. Бироқ допинг синовда унинг намунасида станозолол анаболик стероиди аниқланган. Шунингдек, жангдан кейин Чудиновнинг қўлқопини токсикологик экспертизага жўнатишга қарор қилинган.  

Шу сабабли боксчи стероидларни ишлатгани учун 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин бўлган. Шунда Штурм фаолиятини якунлашини эълон қилиб, Боснияга қайтиб кетган. Шундан кейин Чудиновга чемпионлик унвони қайтарилган.  

Штурм ҳаваскорлик боксида жаҳон чемпиони бўлган, 2000 йилги Олимпиадада иштирок этган. Боксчи профессионал боксда иккита вазн тоифасида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган. 

Кўпроқ янгиликлар