«Facebook'даги иккинчи одам»: Эдуардо Саверин бугун нима билан банд?

Lifestyle 22:47 / 29.03.2019 12111

Миллиардер Эдуардо Саверин Марк Цукерберг билан бирга дунёнинг энг фаол ижтимоий тармоғи бошида турган ва ўтган 15 йил ичида ҳануз "Facebook'даги иккинчи одам" ёрлиғидан қутула олмаган. Етти йил сукут сақлаган ишбилармон ўзининг иккинчи имконини нимада кўрмоқда? Forbes шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Эдуардо Саверин Сингапурдаги Land Tower бизнес марказида саккиз қаватни банд қилган офисига ташриф буюрган меҳмонларни қарши олар экан, доим унга биринчи бўлиб бериладиган савол қайси бўлишини яхши билади. Бу, албатта, Facebook билан боғлиқ савол бўлади. Дунёга машҳур ижтимоий тармоқнинг 37 ёшли ҳаммуассиси нафақат дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири (Forbes унинг бойлигини 9,5 млрд долларга баҳолайди) саналади, балки поп-маданиятнинг ҳақиқий қаҳрамони ҳамдир. Дэвид Финчернинг таниқли "Ижтимоий тармоқ" фильмида Facebook'нинг яратилиши ҳақидаги фильмда уни Ҳолливуд юлдузи Эндрю Гарфилд ўйнаган.

Охирги марта Саверин 2011 йилда, АҚШ фуқаролигидан воз кечиб, Сингапурга кўчиб ўтганида ахборот майдонида шов-шувларга сабаб бўлган эди. Оммавий ахборот воситалари уни ўз ватанида 700 миллион доллар солиқ тўлашдан қочганликда гумон қилишди, аммо ишбилармон эмиграциянинг бу версиясини инкор қилди. У Марк Цукербергнинг собиқ ҳамкори ёрлиғидан қочди ва энди у учун асосийси - дунёга янги Эдуардо Саверинни намоён қилиш. У энди "биров"нинг ижтимоий тармоғи ҳаммуассиси эмас, жаҳон инвестиция бозори олий лигасига киришга тайёр шахсий "B Capital" венчур фондининг асосчисидир.

"B Capital"га у 2015 йилда шериги Раж Гангули билан асос солган. 360 миллион доллар ҳажмидаги фонд (бунда Савериннинг улуши маълум қилинмади) технологик стартаплар орасидаги объектларни изламоқда.

Фонднинг рақибларидан устувор жиҳати - географик тобеъликнинг йўқлиги. "B Capital"нинг 30 нафар ходими Калифорния (Сан-Франциско ва Лос-Анжелес), Нью-Йорк ва Сингапурдан ишлайди. Яна бир кучли томони — Boston Consulting Group (BCG) консалтинг гиганти билан эксклюзив ҳамкорлик, бу Саверин ва Гангули портфелидаги компанияларга экспертиза ва кенг кўламли мижозлар базасига чиқиш имконини беради. Ва ниҳоят, "B Capital" раҳбариятига сўнгги вақтларда Apple ва Box каби корпорацияларда ишлаш тажрибасига эга бир неча менежер келди. Буларнинг бари фонд асосчиларининг бозорнинг йирик ўйинчилари қаторига қўшилишга тайёр эканлигидан далолат беради.

 Сингапурга мафтун

2012 йилда Марк Цукерберг Facebook'нинг биржага чиққанини нишонлаганда ва NASDAQ'да савдолар бошланганини тантанали равишда маълум қилган вақтда бошқа ярим шардаги Эдуардо Саверинни ҳеч ким ёдга олмади. У стартапдан 2005 йилда ҳаммуассис мақомида кетди, мақсад - келгуси бир неча йилда ижтимоий тармоқнинг 53 миллион акциясини сақлаб қолиш. 2009 йилда Саверин Сингапурга кўчиб ўтди, Америка фуқаролигидан эса 2011 йилда воз кечди. Бу вақт у ОАВда муҳокамаларда пайдо бўлиб турди — нашрларда унинг Bentley машинаси, клубларга ташрифи ва баъзан бир тунда 50 минг долларни қайд этувчи барлардаги қироллик ҳисоб-китоблари муҳокама марказида бўлди.

Йиллар ўтгач ишбилармон мутлақо бошқа ҳикояни сўзлаб берди. Саверин Бразилиянинг Сан-Паулусида дунёга келган, лекин Флоридада вояга етган. Хусусий мактабда таълим олгач, Ҳарвард университетининг иқтисодиёт факультетига ўқишга кирган ва учинчи курсда Марк Цукерберг билан танишиб қолган. Саверин Facebook'дан кейин ўзини бошқа стартапларда синаб кўрган ва охир-оқибат Сингапурда тўхтаган. Осиёнинг шаҳар-давлатига у дастлаб дўстининг бизнесини юритишда ёрдам бериш учун келган, бироқ кейин ортга қайтмаган — ишбилармон Сингапурга бир кўришдаёқ мафтун бўлган, бироз вақт ўтиб сингапурлик Элейн билан учраша бошлайди ва кейинчалик унга уйланади. Жуфтлик аслида АҚШда танишган — Элейн Массачусетс штатидаги Тафтс Университетида ўқиган.

"Сингапур — мен каби технологиялар фанати учун ажойиб жой. Боз устига бу ерга сайёранинг кўп нуқталаридан узоғи билан беш соатда учиб келиш мумкин", - дейди Саверин. У аввалгидек солиқ жавобгарлигидан қочмагани, шунчаки севимли шаҳридан қўним топишни истагани таъкидлайди.

Бугунга келиб ишбилармон уни дунёга танитган компания ҳақида ёмон гапирмайди, аксинча, ўтмиши билан фахрланишини айтади. Саверин деярли 2 фоизлик пакети билан капитализацияси 500 миллиард долларга яқинлашаётган компаниянинг энг йирик хусусий акциядорларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироз аввалги интервьюларида у ҳатто Цукербергнинг стратегиясини мақтаган: "У мисли кўрилмаган кўлам ва қийматдаги бизнесни йўлга қўйди ҳамда унинг янада ривожланиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда".

Facebook ҳаммуассиси ҳатто собиқ шеригига ўз ўғлининг технологик тарбиясини ишониб топширишга тайёр. Forbes журнали мухбири ундан ўғли Facebook'дан фойдаланиш ё фойдаланмаслиги ҳақида сўраганида, ишбилармон шундай жавоб берган: "Ўйлашимча, у ҳозирча рўйхатдан ўтиш учун ҳаддан ташқари кичик, лекин вояга етгач, эҳтимол, унга бунинг фойдаси тегар".

Ҳарварддан бошланган дўстлик

Саверин уни миллиардер қилган Facebook IPO'сидан бир неча йил ўтиб венчур инвестициялар билан шуғуллана бошлади: "B Capital"га 2015 йилда асос солинган. Раж Гангули оператив бошқарув масалаларини ўз зиммасига олди, унинг номдор шериги эса салоҳиятли инвестициялар объектларидан тушган аризаларни назорат қилади ва фонднинг Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳамда Ҳиндистондаги стратегиясини бошқаради. "Одамлар бу ерга келгач, рок юлдузини кутишади, у эса шунчаки стол атрофида ўтириб, улар билан муваффақият имкони ҳақида суҳбатлашади", - дейди Гангули.

У Саверин билан Ҳарварддан, университет қошидаги бизнес-мактабда ўқиб юрган пайтларидан бери дўстлашади, 2012 йилдан эса Сингапурда қўшма лойиҳаларни юритади. Уларнинг 80 миллион долларлик илк Velos Partners фонди асосан истеъмолчи бозорига йўналтирилган эди. 2015 йилда эса "B Capital" концепцияси яратилди.

"B Capital" портфелига қарасангиз — бу эса 20 га яқин инвестиция, фонднинг йўналишини тушуниш осон. Саверин ва Гангули Европа, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги савдо-сотиқ ва логистика соҳаларидаги компанияларни маъқул кўришади. Уларнинг вазифаси — Кремний водийси гигантлари эътиборига тушмаган лойиҳаларни топиш. Шунингдек, улар маҳаллий бозорлар спецификасини яхши билишади.

"Хатолар доим бўлади, улардан дарҳол тўғри хулоса чиқаришни ўрганинг. Зарурат туғилса, узр сўранг ва имкон қадар бошқа бундай хатони такрорламасликка ҳаракат қилинг", - дейди инвестор ёш ишбилармонлар авлодига.

Кўпроқ янгиликлар