"Демирчи" – Озарбойжоннинг қадимий қиёфаси сақлаб қолинган масканларидан бири (фотожамланма)

Lifestyle 22:11 / 28.03.2019 10089

Озарбойжонда туристик сектор катта истиқболга эга, зеро мамлакат туризмнинг кўплаб турларини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Сўнгги йилларда эришилган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ушбу соҳани ривожлантириш учун янги имкониятларни кашф қилди. Сайёҳлик ресурсларини мунтазам равишда ўрганиш давомида қабул қилинаётган чора-тадбирлар, туристлар эҳтиёжини қондириш учун зарур хизматларни ташкил қилиш ва уларни замонавий стандартларга мувофиқлаштириш, санаторий-курорт имкониятларини кенгайтириш, меҳмонхоналар ва бошқа туристик объектлар сонини ошириш амалий натижалар беради. Асосий мақсад - туризмни иқтисодиётнинг  барқарор, самарали ва рақобатбардош соҳасига айлантириш.

Шамахи тумани "Демирчи" қишлоғидаги туристик инфратузилманинг янгиланиши, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва ободонлаштиришга оид ишларнинг ўтказилиши ҳам шулар жумласидандир. Kun.uz "Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона кўприк" медиатури доирасида сизларни қадимий қишлоқ бўйлаб саёҳат қилишга таклиф этади.

"Демирчи" – Шамахининг энг қадимий қишлоқларидан бири, унинг тарихи XV асрга бориб тақалади. Қадимда "Гюнейчай" деб аталган қишлоқда темирчилик кенг тарқалгани боис бу жой номи кейинчалик "Демирчи" (Темирчи - ўзб.)га ўзгартирилди.

Ўз вақтида Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган қишлоқда бир неча карвонсарой бўлган. Бироқ кейинчалик "Демирчи"даги қадимий биноларнинг аксарияти, шу жумладан карвонсаройлар бузилган.

Қизиқарли урф-одатлар ва анъаналар, ўзига хос маданиятга эга маҳаллий халқ илм-фан ва таълимга катта эътибор қаратади. Шу боис сўнгги йилларда қишлоқни тиклаш ва унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш билан боғлиқ ўтказилган ишлар мамлакатнинг ушбу ноёб ёдгорлигини асраш ва уни келгуси авлодга етказиш бўйича амалга оширилган муҳим чоралардан биридир.

Тиклаш ишлари бир неча йўналишда олиб борилди ва комплекс характерга эга бўлди. Биринчи навбатда қишлоқ масжиди қайта тикланди. Озарбойжоннинг энг қадимий диний масканларидан бири ҳисобланган "Демирчи" масжиди 755 йилда қурилган ва президент Илҳом Алиев фармонига мувофиқ қайта тикланган.

Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қизиқ бўлиши учун бу ерда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Бу ерда сайёҳларга турли сувенирлар, амалий машғулотлар таклиф қилинади.

Қишлоқда, шунингдек, сайёҳларнинг мазмунли дам олиши ва кўнгил ёзиши учун қизиқарли жойлар ташкиллаштирилган. Улардан бири бир неча жойда қурилган тандир ҳисобланади. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиева тандир нони билан меҳмон қилинган. Сайёҳларга қишлоқнинг миллий таомлари ҳам таклиф этилади.

"Демирчи"да Шамахи тарихий-ўлкашунослик музейи экспонатларидан иборат кўргазма очилди. Бу экспонатлар Шамахининг қадимий тарихи ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилади.

Шунингдек, "Демирчи"да тўқилиб сайёҳларга сотилувчи гиламлар ҳам Озарбойжон гиламлари донғини янада кенг таратмоқда.

 Қишлоқда темирчиликни қайта тиклаш ва бу ҳунарга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида темирчилар устахонаси ва растаси ташкил этилган.

Шу тариқа "Демирчи" қишлоғи туристик инфратузилмасида яратилган шароитлар яна бир бор Озарбойжоннинг қисқа вақт ичида туризмни ривожлантириш йўлида олиб борган ишлари самарасини намойиш этади. Бу эса Озарбойжоннинг бой қадимий маданияти ва миллий ошхонаси хилма-хиллиги олдида кенг имкониятлар очади.

Кўпроқ янгиликлар