Украина президентлик сайловидаги «кучли бешлик». Кимда имконият қандай?

Жаҳон 20:00 / 26.03.2019 67166

Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури 31 март куни бўлиб ўтади, сайлов бюллетенларида эса 31 номзод номи кўрсатилган. Аммо айни вақтга келиб ижтимоий тадқиқотлар натижаларига кўра номзодларнинг 5 нафари рейтинг кўрсаткичлари бўйича қолганларидан яққол ажралиб қолган.

Би-би-си номзодларнинг «кучли бешлиги» ҳақида асосий маълумотларни келтиради: қуйида уларнинг дастурлари, устунликлари ва камчиликлари, шунингдек, Россияга муносабатлари ҳақида билиб олиш мумкин.

Владимир Зеленский, 41 ёшда, комик

Кинокомедияларда Наполеон ва Украина президенти ролларини ижро этган бу актёр энди чиндан Украина президентига айланиши мумкин ва бу ҳазил эмас.

Қисқача таржимаи ҳоли
Кривой Рогда туғилган, юридик таҳсил олган, лекин шу кунгача мутахассислиги бўйича ишламаган. КВНдаги ижролари орқали машҳур бўлган, аммо Александр Масляков билан жанжаллашиб қолгач, ўзи бошчилигидаги «95-квартал» жамоасини муваффақиятли студияга айлантириб, юмористик шоулар, комедик фильмлар ва сериаллар яратишга киришган. Зеленский «Халқ хизматкори» («Слуга народа») фильмида ўқитувчиликдан Украина президентига айланган шахс ролини ижро этган.

Сайловолди дастури
«Мен бир муддатга президент бўлмоқчиман. Биринчи қонун лойиҳаси - «халқ ҳокимияти» бўлади, бунинг эвазига халқ ҳокимиятга референдум орқали вазифалар қўйиши мумкин. Ҳар бир тадбиркор ўз даромадларининг 5 фоизини қонунийлаштиришига имкон берилади. Ҳар бир бола давлат томонидан ўзлаштирилаётган табиий захиралардан ўз ҳисобига даромад йиғиб бора олади.Имтиёзлар ва субсидиялар монетизация қилинади. Украина экологик тоза маҳсулотлар сотадиган жаҳон бозорига айланади».

Россия ҳақида
«Мен у ерга томоша қўйгани бора олмайман, бундан ўзимни шунчаки ёмон ҳис қиламан»

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Украина сиёсатидаги «янги, гард юқмаган юз» имижи;
  • Сайловчилар уни «Слуга народа» сериали қаҳрамонига тенглаштирган ҳолда овоз беришади;
  • Ташвиқот тадбирлари концертлар кўринишида бутун Украина бўйлаб ўтказилмоқда.

Нима халал бериши мумкин?

  • Сиёсий ёки жамоатчилик ишларидаги тажрибага эга эмас;
  • Олигарх Игорь Коломойский билан алоқалари борлиги тахмин қилинади;
  • Россияда бизнеси борлиги ҳақида ҳам маълумотлар тарқалган.

Сайловолди кампанияси шиори: «Барчасини биргаликда қиламиз!»
Иштироки тартиби: «Слуга народа» партиясидан номзоди илгари сурилган
Сайловлардаги тажрибаси: йўқ.

Пётр Порошенко, 53 ёш, Украина президенти

У ўзини Путин учун энг «номаъқул» номзод сифатида атайди. Рейтинги зўр эмас, аммо у ҳаётида бирор марта сайловларда мағлуб бўлмаганини таъкидламоқда.

Қисқача таржимаи ҳоли
1965 йилда Одесса области, Болград шаҳрида туғилган. Энг бадавлат украинлардан бири, Юшченко даврида Хавфсизлик кенгаши котиби (2005), Украина Миллий банки раиси (2007-2012) ва Ташқи ишлар вазири (2009-2012) бўлган, Янукович даврида Иқтисодиёт вазири (2012) бўлиб ишлаган. Унинг президентга айланиши кутилмаганда рўй берган: Евромайдан воқеаларидаги фаол иштирокидан кейин (рус нашрларига кўра, у намойишларни молиявий қўллаб-қувватлаган) у Киев мэрлигига мўлжаллашганди. У бир неча соат ичида ўз бизнесини (Roshen концерни, 5 Канал телеканали ва бошқалар) сотишга, Донбассдаги автоном тузилмаларга барҳам беришга ҳамда Украинани НАТОга аъзо қилишга ваъда бергач, сайловчиларнинг аксарининг қўллаб-қувватловига эришди, асосий рақиб Виталий Кличко унинг фойдасига сайлов пойгасини тарк этди. Президент бўлиб олганидан кейин у юқоридаги ваъдаларини бажармади ва бунинг учун узр сўраш билан чекланди.

Сайловолди дастури
«Бизнинг миссия - ЕИ ва НАТО аъзолиги, 2023 йилда заявка берамиз, минтақа етакчиси сифатида аъзо бўламиз. Бошланган ислоҳотларни якунлаймиз, босқинчи давлат етказилган зарарни қоплайди. Биз Россия агрессиясидан нафақат ўзимизни, балки бутун Европани ҳимоя қиламиз. Иқтисодиётдаги стратегик мақсадлар: аграр сектор, ІТ-сектор, индустриал тараққиёт, транспорт ва туризм. Украина - бу Европа».

Россия ҳақида
«Путин Украинани йўқотиш унинг империяни қайта тиклаш ва Россияни суперқудратли давлат мақомига қайтариш бўйича режаларидаги ҳалокат эканини яхши тушунади».

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Губернаторлар ва йирик шаҳарлар мэрларининг қўллаб-қувватлови;
  • Ватанпарвар-арбоб, Путиннинг душмани, Украина армиясини оёққа турғиза олган шахс имижи;
  • Европа Иттифоқи билан визасиз режим ва Украин проваслав черкови автокефалияси (мустақиллиги).

Нима халал бериши мумкин?

  • Украинларнинг ҳозирги ҳокимиятдан кўнгли қолгани;
  • Коррупцияга қарши кураш етарли даражада олиб борилмаётгани ва президентга яқин кишиларнинг коррупцияда айбланиши;
  • Украина шарқидаги уруш натижасиз тугашидаги айблов.

Сайловолди кампанияси шиори: «Биз ўз йўлимиздан борамиз!»
Иштироки тартиби: Мустақил номзод
Сайловдаги тажрибаси: 2014 йил: 54,7 фоиз (1-ўрин).

Юлия Тимошенко, 58 ёш, Олий рада депутати

Уни Украина тарихидаги энг кучли мухолифатчи деб аташади. Икки марта президентлик сайловларида иштирок этиб, икки сафар ҳам иккинчи ўринни эгаллаган. У бу сайловларда катта тажриба тўплаган.

Қисқача таржимаи ҳоли
Сиёсатга 1997 йилда газ бизнесидан келган - уни ҳамон «газ маликаси» деб аташади. Икки марта бош вазир бўлган, икки марта иқтисодий жиноятларда айбланиб, қамоққа ташланган, лекин ўзини сиёсий маҳбус деб атаган. У мамлакат тарихидаги барча президентларга қарши кураш олиб борган: Кучма, Юшченко ва Януковичнинг импичментини саҳналаштирган, энди эса Порошенкога рақиблик қилмоқда.

Сайловолди дастури
«Украина янги курси» устида 4 йил давомида юзлаб экспертлар ишлашди. Россия Украинага етказилган зарарни қоплайди. Фуқаролар ҳукуматни исталган вақтда ўзгартиришлари мумкин, лекин қуролли инқилоблар билан эмас, референдумлар орқали. Инаугурация маросимидан бир ой ўтгач, газ нархи 2 баробар арзонлашади. 5 йилдан кейин иш ҳақи миқдори Польшадаги даражага кўтарилади. Ипотека кредитлари бўйича йиллик ставка 3 фоиздан ошмайди».

Россия ҳақида
«Кремль Украина харобалик ва хаос ичида қолиши, коррупция ва қашшоқлик ботқоғига ботишидан, бир сўз билан айтганда вайронага айланишидан (Запорожье ҳудуди ички урушлар гирдобида қолган 1657-1687 йилларга ишора - таҳр.) манфаатдор. Бугунги кунда Украина ҳукумати айнан шундай қилмоқда. Айнан шунинг учун амалдаги ҳукуматни Кремль қўлида, уни Москванинг хизматкори дейиш мумкин».

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Замонавий «ядроли электорат», «Бизнинг Юля» учун овоз беришга тайёр фаол сайловчилар қатлами;
  • Кўп йиллик сиёсий тажриба;
  • «Батькившчина» партиясининг яхши ташкиллаштирилган тармоқлари.

Нима халал бериши мумкин?

  • Сиёсатчиларнинг «эски авлоди» намоёндаси бўлгани;
  • 2009 йилда Владимир Путин билан имзоланган «газ келишуви» учун танқидлар;
  • Популизмда айбланиши - тарифларни кескин пасайтириш ёки украинларга СССР Сбербанкдаги улушларни қайтариш ваъдалари.

Сайловолди кампанияси шиори: «Украинага ишонаман!» («ВерЮ в Украину!»)
Иштироки тартиби: номзоди «Батькившчина» партиясидан илгари сурилган
Сайловлардаги тажрибаси: 2010 йил: биринчи турда - 25 фоиз (2-ўрин), иккинчи турда - 45,5 фоиз (2-ўрин). 2014 йил: 12 фоиз (2-ўрин).

Юрий Бойко, 60 ёш, Олий рада депутати

Ҳудудлар партияси етакчиларидан бири, «Мухолиф партия» фракцияси етакчиси ҳар қандай номзод учун жиддий рақиб бўла олади. Аммо у иккинчи турга ўта олиши осон бўлмайди.

Қисқача таржимаи ҳоли
Горловкада туғилган, Рубежноеда улғайган (Горловка айни вақтда «Донецк халқ республикаси» назорати остида). У Москва кимё-технологиялари институтини тамомлаган, ишлаб чиқаришда соҳасида фаолият кўрсатган, Виктор Янукович ва Николай Азаров ҳукуматида бош вазир ўринбосари сифатида ишлаган. Бир вақтлар қудратли Регионлар партияси етакчиларидан бири ҳисобланган. Уни айрим доираларда Россияга яқин сиёсатчи сифатида билишади. Бойко бизнесмен Дмитрий Фирташ ҳамда «Украина танлови» ҳаракати етакчиси, Путиннинг Украина билан муносабатлардаги воситачиси Виктор Медведчук билан фикрдош ҳисобланади. 2016 йилда Олий рададаги йиғилишлардан бирида «Радикал» партия раҳбари, жорий президентлик сайловларига номзодлардан бири Олег Ляшко уни Москвадан кўрсатмалар олиб ишлашда айблагач, сиёсатчи унга мушт туширгани шов-шув бўлганди.

Сайловолди дастури
«Киев Донбасс зиддиятининг барча томонлари билан музокара ўтказади, зиддият тинч йўл билан ҳал қилинади. Фуқароларнинг Россиядаги ижтимоий тармоқларга кириши учун тўсиқлар олиб ташланади. Украина ҳудудларининг иқтисодий мустақиллиги таъминланади. Пенсия ва тиббиёт ислоҳотлари бекор қилинади. 10 йиллик мактаблар қайтарилади ва фуқаролар ўз она тилида ўқиш ҳуқуқини қайта қўлга киритади. Украина бетараф ва блокларга қўшилмайдиган мамлакатга айланади».

Россия ҳақида
«Бизда ҳар қаерда русларнинг изини кўришлари - тушунарли ҳол. Ҳатто Николаевский ёки Херсонда бузоқлар туғилиши камайишида ҳам русларнинг қўли бор бўлиб чиқади»

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Сайловчиларга мурожаатлар, ҳозирги ҳокимият ишончни оқламагани;
  • Россия билан муносабатларни тиклаш ваъдалари: у сайловларга ўн кун қолганида Москвага учиб борди ва РФ бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашди;
  • «Омилкор хўжалик бошқарувчиси» имижи.

Нима халал бериши мумкин?

  • Сайлов майдонида Бойко эгаллаган позицияда ундан бошқа кучли номзодлар ҳам бор - биринчи навбатда олигарх Ринат Ахмедов томонидан қўлланаётган Александр Вилкул;
  • «Бойко минораси» («Вышки Бойко») номини олган коррупцион можаро бўйича айблов;
  • Сиёсатчиларнинг «эски авлоди» намоёндаси бўлгани.

Сайловолди кампанияси шиори: «Украинларга муносиб ҳаётни қайтарамиз!»
Иштироки тартиби: мустақил номзод
Сайловлардаги тажрибаси: 2014 йил: 0,2 фоиз (14-ўрин).

Анатолий Гриценко, 61 ёш, «Фуқаролик позицияси» партияси раҳбари

Собиқ Мудофаа вазири, захирадаги полковник ва партия раҳбари. У Порошенкони ваъдабозликда, Тимошенкони актрисаликда айблаб, улардан кўнгли қолган ғарбпараст сайловчилар орасида катта рейтингга эга, деб ҳисобланмоқда.

Қисқача таржимаи ҳоли
АҚШда таҳсил олган собиқ ҳарбий амалдор, Украинадаги энг йирик таҳлилий марказлардан бирини бошқарган. У Юшченко президентлиги даврида 2 йил давомида Мудофаа вазири бўлган, НАТО билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Кейинроқ ўз партиясига асос солган. 2014 йилда парламент сайловларида кутилмаганда мағлуб бўлгач, университетда рамзий маош эвазига Украина миллий хавфсизлиги масаласида дарс ўта бошлаган.

Сайловолди дастури
«Ҳалол президент барчага ўрнак бўлади. Донбасс ҳеч қандай ён беришларсиз, «алоҳида мақомлар»сиз қайтарилади. Давлат амалдорлари сони қисқаради, аммо уларнинг маоши оширилади. Уларнинг пора олишга мойиллиги айёрона йўллар билан текшириб борилади. Дори-дармон нархи икки баробар арзонлашади. Давлат ёшларга биринчи иш жойини кафолатлайди. Бу вазифаларни бажариш учун менга 5 йиллик муддат кифоя».

Россия ҳақида
«Сайёрадаги тинчлик учун энг катта хавф, дунёдаги беқарорликнинг асосий омили - Россия Федерацияси»

Нима ёрдам бериши мумкин?

  • Кейинги йилларда ҳокимиятга алоқадор эмас;
  • Бошқа «мухолиф-демократ» номзодлар унинг фойдасига номзодини қайтариб олиши - Андрей Садовий ва Дмитрий Гнап каби;
  • Ҳақиқий полковник имижи.

Нима халал бериши мумкин?

  • Мудофаа вазири бўлган вақтида ҳарбий мулкни сотиб юборгани бўйича айблов;
  • Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмагани учун гиналар;
  • Гриценконинг электорати учун даъвогарлик қиладиган номзодлар сони ҳаддан ташқари кўплиги.

Сайловолди кампанияси шиори: «Янада кўпроқ ҳалоллар!»
Иштироки тартиби: номзоди «Фуқаролик партияси» томонидан илгари сурилган.
Сайловлардаги тажрибаси: 2010 йил: 1,2 фоиз (9-ўрин). 2014 йил: 5,5 фоиз (4-ўрин).

Рейтинг маълумотлари:
Киев халқаро социология институти (КХИС).
Шахсий интервью. Сўровлар 14 мартдан 22 мартга қадар ўтказилган. Украинанинг 126та аҳоли яшаш пунктидаги 2004 нафар респондентдан фикр сўралган. Сўровлар Луганск ва Донецк областларининг фақат Украина ҳукумати назоратидаги ҳудудида ўтказилган. Қримда сўров ўтказилмаган.

Статистик хатолик 50 фоизлик кўрсаткич учун 3,3 фоиздан ошмайди. Ўз навбатида, 25 фоизлик кўрсаткич учун 2,8 фоиз, 10 фоизлик кўрсаткич учун 2 фоиз, 5 фоизлик кўрсаткич учун 1,4 фоиз.

«Социал мониторинг» маркази ва А.Яременко номидаги Украина социал тадқиқотлар институти.
Шахсий интервью. Сўров 11 мартдан 18 мартга қадар ўтказилган. Статистик хатолик эҳтимоли 2,2 фоиз атрофида.

Кўпроқ янгиликлар