Kun.uz билан фотосаёҳат: Бокудаги Ичери шаҳар сайёҳларнинг севимли маскани

Lifestyle 22:18 / 24.03.2019 13044

Боку шаҳридаги Ичери шаҳар тарихий-меъморий ёдгорлиги кўп йиллардан бери Озарбойжонга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг севимли масканларидан бири ҳисобланади. Тарихий бинолар, тор кўчалар, савдо расталари, қадимги ва замонавий руҳдаги ресторан ва кафелар ҳамда меҳмонхоналар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Kun.uz "Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона кўприк" медиатури доирасида сизларни Ичери шаҳар бўйлаб фотосаёҳатга таклиф этади.

Бокунинг марказида жойлашган ушбу тарихий масканни "Эски шаҳар" ёки "Ичери шаҳар" деб аташади. Ичери шаҳар Бакунинг "юраги"дир, айнан шу ерда, денгиз яқинидаги тепаликда қадимий Боку ташкил топган.

Ичери шаҳар Бокунинг энг қадимий турар-жойи ҳисобланади. У 1977 йилда тарихий-меъморий ёдгорлиги дея эълон қилинган, 2000 йилда эса ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Баъзилар Ичери шаҳарни қалъа деб ҳам аташади, бунга унинг шу кунларгача яхши сақланиб қолган қалъа деворлари билан ўралгани сабабдир. Ичери шаҳар ҳудудида Бронза асридаёқ одамлар яшаган, VIII-XI асрларда у тўлиқ одамлар яшайдиган турар-жойга айланган.

Майдони 22 гектардан иборат Ичери шаҳар ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28таси давлат даражасидаги, 3таси дунё миқёсидаги аҳамиятга эга.

Ширваншоҳлар сарой мажмуаси

Қалъа деворлари ичида кўплаб ноёб обидалар сақланиб қолган: Ширвоншоҳларнинг сарой мажмуаси, девонхона, Қиз қалъаси, масжид ва миноралар, карвон-сарой ва ҳаммомлар қолдиқлари ва ҳ.к. Ер етишмовчилиги сабаб бу ерда азалдан бинолар деворлари бир-бирига яқин жойлашган. Ичери шаҳарда боғ-роғлар йўқ, у тор ва боши берк кўчалардан иборат.

Қиз қалъаси

XV асрда ширваншоҳлар ўз пойтахтини Шемахидан Бокуга кўчирган вақтда Ичери шаҳарда оммавий қурилишлар бошланган, айни шу даврда қалъа жавоҳири ҳисобланган Ширвоншоҳлар саройи қурилган.

Қалъа деворларининг ўзи ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотади. Қачонлардир Бокуда бундай деворлар иккита бўлган, бироқ XIX аср бошларида шаҳар шу даражада тез ўсганки, ташқи деворни бузиб, турар-жойлар қуришга тўғри келган, шу боис фақат ички девор қолган. Унда 25 обида ва 5 дарвоза сақланиб қолган.

Маълумотларга кўра, ХХ асрнинг 30-йилларига келиб қалъада 900 дан ортиқ бино бўлган, XXI аср бошига келиб эса уларнинг фақат ярми сақланиб қолган.

Ичери шаҳар кўчалари ва савдо расталарида бўйлаб сайр қилар экансиз, вақтингиз қандай ўтганини билмай қоласиз. Бу ердаги дўконларда Озарбойжоннинг хилма-хил миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эътиборини жалб қилиб келади.

Кўпчиликка маълумки, "Бриллиантовая рука" фильмининг машҳур эпизодлари Ичери шаҳар кўчаларида олинган,сайёҳлар бу жойни атай қидириб келиб, фильмдаги каби суратга тушишади.

Кўпроқ янгиликлар