Ашхободда кумушрангдан бошқача рангдаги дискларга эга машиналар тақиқланди

Жамият 00:00 / 23.03.2019 23152

Туркманистон пойтахти Ашхободда автомобил ҳайдовчиларига тааллуқли овоза қилинмаган тақиқлов киритилди. Эндиликда ҳайдовчиларга машиналарига кумушранг дисклардан бошқа рангдаги дискларни қўйишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри ёзган.

Таъкидланишича, тақиқлов остига оқ ва тўқ кулранг автомобил дисклари ҳам тушган. 

Рухсат берилган рангдаги дисклардан бошқа дискларга эга автомобиллар давлат автомобил назорати ходимлари томонидан тўхтатилиб, транспорт воситасига ҳужжатлар мусодара қилинмоқда ва машина мажбурий тарзда техник кўрикка жўнатилмоқда. Ҳайдовчилар ўз ҳужжатларини дискларини алмаштириб ёки бошқа рангга бўягандан кейингина олишлари мумкин бўлади. 

Шу сабабли автосервисларда катта навбатлар юзага келган. Шунингдек, заводда “номақбул” дисклар ўрнатилган янги машиналарни сотувчи автосалонларда ҳам муаммо пайдо бўлиши мумкин.

Аввалроқ Туркманистон ОАВда февраль ўрталаридан Ашхободда қора рангдаги автомобилларга тақиқлов яна амал қила бошлагани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бундай машиналар эгалари жарима майдончасига жўнатилиб, ўз ҳисобларидан машинани қайта бўяб чиқишга мажбур қилинмоқда. Шунингдек, шу вақтда Ашхободда яна бир тақиқлов киритилиб, унга кўра аёл ҳайдовчилар тўхтатилиб, турли баҳоналар билан ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйила бошланган. Баъзида бу аёл ҳайдовчиларнинг полициячилар билан жанжаллашишларига олиб келган.

Кўпроқ янгиликлар