Россия Давлат думаси депутати уч миллиард рубллик пора учун қўлга олинди

Жаҳон 16:30 / 15.03.2019 18485

Россия Давлат думаси депутати Вадим Белоусов уч миллиард рубль миқдорида пора олиш айблови билан ушланди. Бу ҳақда 15 март, жума куни «Интерфакс» хабар тарқатди.

Агентлик маълумотларига кўра, яқин вақт ичида Екатеринбургнинг Ленинский суди уни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқади. Белоусов судга олиб кетилди, у ерда унга нисбатан эҳтиёт чораси кўриш масаласи ҳал этилади.

Тергов версиясига кўра, 2010-2014 йиллар оралиғида Белоусов Челябинск области собиқ губернатори Михаил Юревич билан биргаликда холдинг раҳбаридан ҳимоя учун пора олган. Натижада, холдинг ташкилотларига йўлларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги аукционларда ғалаба таъминлаб берилган, пора берганлар назоратидаги шахслар эса давлат корхоналари директорлари лавозимига тайинланган. Қайд этилганидек, пора миқдори уч миллиард рублдан ошади.

Ўтган йилнинг декабрида Давлат думаси Бош прокуратура талабига биноан депутат Вадим Белоусовни дахлсизликдан маҳрум этгани ва унга қарши жиноий иш қўзғатишга рози бўлгани хабар берилганди. Иш «Пора олиш» моддаси бўйича очилган.

Вадим Белоусов - «Адолатли Россия» партиясидан Давлат думаси депутати, аграр масалалар қўмитаси аъзоси.

Кўпроқ янгиликлар