Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг БМТ доирасидаги алоқалари фаоллаштирилади

Ўзбекистон 14:01 / 15.03.2019 1436

2019 йил 14 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Мўғулистон фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Лувсан Баттулгуни (қароргоҳи Остона шаҳрида) қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, вазир элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаган ва унинг келгусидаги фаолиятига муваффақият тилаган.

Суҳбат чоғида турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувларни саккиз йиллик танаффусдан сўнг давом эттиришга, турли жабҳалардаги, жумладан БМТ ва Мўғулистон кузатувчи мақомига эга бўлган ШҲТ доирасидаги Ўзбекистон – Мўғулистон алоқаларини фаоллаштиришга қизиқиш билдирилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилиш чоғида ўзаро маҳсулотларни етказиб бериш ҳажми ва номенклаурасини кенгайтириш учун томонларда мавжуд салоҳиятга эътибор қаратилган.

Учрашувда Ўзбекистонда Мўғулистон фуқароларининг 30 кун муддатгача бўлган даврда мамлакатимизга ташриф буюришлари учун визасиз тартиби жорий қилинганлигидан келиб чиққан ҳолда туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Кўпроқ янгиликлар