Boeing компанияси 737 Max самолётларини мижозларга етказишни тўхтатди

Жаҳон 10:15 / 15.03.2019 3521

Boeing компанияси 737 Max моделидаги самолётларни ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда, бироқ уларни мижозларга етказишни вақтинчалик тўхтатади. Бу ҳақда компания вакили маълум қилган. 

“Мен 737 Max парвозлари вақтинчалик тўхтатилгани сабабли уларни етказиб беришни тўхтатишимизни тасдиқлайман”, деб айтган компания вакили. У самолётлар етказилиши қанча муддатга тўхтатилиши ҳақидаги саволга “буни билмаслигини, бироқ самолётлар ишлаб чиқарилиши давом этаётганини” маълум қилган. “Биз баъзи бошқа омилларга боғлиқ равишда вазиятни баҳоламоқдамиз”, деб қўшимча қилган манба.

Аввалроқ АҚШ Федерал авиация бошқармаси 737 Max самолётларининг АҚШ ҳаво ҳудудида парвозлари тўхтатилганини эълон қилган.

Эфиопияда 10 март куни Boeing 737 Max 8 самолёти ҳалокатга учрагандан кейин кўплаб давлатлар ва авиакомпаниялар ушбу самолётлар парвозларини тўхтатишга қарор қилди. Айни вақтда 66 та давлат ушбу самолётлар парвозини тўхтатган, 7 та давлат авиакомпаниялари уларни қўллашдан бош тортган. 

Кўпроқ янгиликлар