Ўзбекистонда буйрак касаллиги учун хизмат кўрсатиш қай даражада?

Ўзбекистон 18:39 / 13.03.2019 12729

Ўзбекистонда 3 мингга яқин бемор буйрак етишмовчилиги юзасидан гемодиализ муолажасига эҳтиёж сезади.  Бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам турли омиллар (асосан сурункали хасталиклар) таъсирида буйрак етишмовчилиги билан оғриганлар сони кўпайиб, гемодиализ муолажасига талаб ортиб бормоқда. Бу эса нефрология соҳасига жиддий эътибор қаратиш кераклигини тақозо этади. 

«Гемодиализ хизмати сифатининг яхшиланиши билан, беморлар умри ошиши ҳисобига уларнинг сони ҳам ортиб боради. Чунки бу беморлар режали равишда доимий гемодиализ муолажасини олиб туришлари шарт. Қачонки, тиббий кўрсаткичлари белгиланган меъёрларга тўғри келиб, буйрак кўчириш операцияси бажарилса, бемор муолажадан чиқиб кетади», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими Сойибжон Бозарипов. 

Мутахассисга кўра, бу борада тирик қариндошлардан буйрак кўчириш операцияси йўлга қўйилган бўлиб, 2018 йилнинг ўзида 109 нафар беморда трансплантацияси бажарилган. 2019 йилнинг ўтган даврида эса 30дан ошиқ беморда ушбу операция ўтказилган. 

«Ушбу амалиётдан кейин беморлар доимий ичиб юрадиган дорилари ҳам 100 фоиз давлат бюджетидан қопланади», — дея қўшимча қилади у. 

2018 йил 12 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ 2018 йил сентябрь ойига қадар «Ўзбекистон диализ жамияти» тузилиши белгиланган эди. 

Вазирлик матбуот хизматининг маълумот беришича, 30 октябрь куни «Ўзбекистон гемодиализ жамияти» ташкил этилган ва ўрнатилган тартибда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган. 

«Ўзбекистон гемодиализ жамияти»нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган: 

– беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ёрдам бериш ва ҳаёт сифатини ошириш;

– соҳага замонавий технологияларни олиб кириш;

– даволаш ва ташхис бўйича янги усулларни жорий этиш;

– сурункали буйрак касалликлар статистик базасини яратишда қатнашиш;

– соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини оширишда фаол қатнашиш;

 – соҳани долзарб масаллари бўйича илмий изланиш ишларини қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги ёш олимларга ёрдам кўрсатиш.

Сойибжон Бозарипов тақдим этган ахборотга кўра, юқоридаги қарор асосида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг «Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси» кафедраси ташкил этилган. Шунингдек, 2019/2020 ўқув йили учун тиббиёт олий таълим муассасаларининг магистратура таълим йўналиши «Нефрология» ва «Болалар нефрологияси» мутахассисликларига қабул квотасини киритиш таклифи ишлаб чиқилган. 

«Бундан ташқари, ушбу мутахассисликлар бўйича ўрнатилган тартиб асосида 2019/2020 ўқув йили учун клиник ординатурага тегишли қабул квоталарини шакллантириш бўйича ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи тайёрланди», — дейди у.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган, исми кўрсатилишини истамаган мутахассис-нефрологнинг айтишича, республикада гемодиализ муолажаларига бўлган жуда катта эҳтиёж ​ҳамон сақланиб қолмоқда.

«Керакли ускуналар ва кадрлар бор, лекин мавжуд имконият билан талабни тўла қондириб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам учрайди. Гоҳида техника панд бериб қолади, гоҳида тинимсиз ишлаймиз. Президент қарорида мазкур масала атрофидаги муаммолар қайд этилиб, уларни бартараф этиш белгиланган​. Унинг ижроси амалга ошгач, вазият яхшиланади, деган умиддамиз», — дейди. 

Соҳадаги ижобий ўзгариш сифатида  маҳаллий ишлаб чиқарувчи Health Line (олдинги «Азиа Трейд») корхонаси ва Белоруснинг «Фребор» компанияси ўртасида гемодиализ учун диализатор ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланганини кўрсатиш мумкин. 

Вазирлик ахборот хизматининг изоҳига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу корхонада дастлабки йилда гемодиализ учун 350,000та диализатор ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Кейинги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиши кўзда тутилган. Бу эса беморларга сифатли гемодиализ хизматини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Маълумот учун, гемодиализ ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилигини «сунъий буйрак» ускунаси ёрдамида даволаш муолажаси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, республика бўйлаб нефрология бўлимларида 321та гемодиализ аппарати хизмат кўрсатмоқда. 2018 йилнинг ўзида 65та «сунъий буйрак» аппарати харид қилиниб, беморлар сонидан келиб чиқиб, эҳтиёж энг юқори бўлган ҳудудларга  ўрнатилган. 2019 йил учун яна 70та ускунага маблағ ажратилган. 

Шу билан бирга, Япониянинг «Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури» грант лойиҳаси доирасида яна 100та «сунъий буйрак»ка буюртма берилган.

Кўпроқ янгиликлар