Ўзбекистонда тўп нархи қанча? Эътибордан четда қолаётган болалар футболи ҳақида

Спорт 17:07 / 08.03.2019 44644

Ўзбекистон футболи ҳақида кунора таҳлилий ва танқидий гапларни ўқиймиз. Журналистлар 25 йилдан бери терма жамоа ҳақида ёзишади. Улар ёмон ўйнаб зерикмади, журналистлар эса улар ҳақида ёзиб... 

Футбол бизда деярли одамларни кулдирадиган «санъат тури»га айланиб бўлган. Қизиқчиларимиз ўз дастурларида албатта «азамат футболчиларимиз»ни бир эслаб қўйишни одат қилишган. Ҳайтовур, боксчиларимиз бор. Камхаржгина, серсамара спорт тури мухлисларни шода-шода медаллар билан овутиб турибди. 

Кўп спорт турларидан мақтанадиган жиҳатларимиз кам. Қитъа миқёсида каноэда эшкак эшиш, дзюдо, кураш, бадиий гимнастика ва енгил атлетикадан совринлар олиб турган бўлсакда, жаҳон форумларида бу спорт турларда ҳам «булбул қўндирган» жойимиз йўқ.    

Табиати олимпия турларининг (қишки олимпиадани ҳисобга олмаганимизда) катта қисми билан шуғулланиш учун жуда мос бўлган Ўзбекистонда орзу қилганимиздек муваффақиятларга эришиш учун бир жиҳат халал беради. Бу ҳақда мақоламиз сўнгида гаплашамиз.

Суперлига ва Про Лигадаги ўзгаришлар ҳақида ўқиб турибмиз. Бу сафар эътиборни пастки бўғинига қаратмоқчимиз.

Футбол тўпи бир қути сигарет ва бир шиша ароқдан арзон бўлиши керак!

Қайсидир соҳада шуғулланишни бошлаган бола учун ускуналар зарурлиги тайин. Дейлик, рассомлик орзусидаги болага рангли қалам, акварел, географ бўламан деганга харита, глобус...

Спортга қизиқиш бошланиши учун ҳам энг асосий нарса - анжом. Кейин эса майдон. Тўғрисиям шу... Ракеткасиз теннис ёки бадминтон, коптокларсиз - футбол, волейбол, баскетбол ўйнаб бўлармиди?

Яқинда бир мақола ўқиб қолдим. Германия футбол терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учраганидан сўнг немислар бор эътиборни ёш авлодга қаратишган. Ривожлантиришнинг йўли ҳам оддийгина. Улар дўконларда кичкинтойларга тўпларни текинга тарқата бошлашган. Қуйидаги суратдаги тўплар солинган идиш тепасидаги ёзув ҳам диққатни тортади. Унинг мазмуни тахминан шундай: «Биз тўпларни болаларга совға қиламиз. Токи, кейинги авлод футболни яхшироқ ўйнаб жаҳон чемпиони бўлсин». Мана сизга футболнинг оммавийлигини оширишнинг оддий йўли.

Тўпи бор бола албатта уни бир ўзи ёки дўстлари билан тепади. Қизиқиши кучаяди. Мактабда, кўча жамоасида ўйнайди. Ундаги иқтидорни сезган ота-она мураббийга олиб боради. Устоз уни тарбиялайди. Ўз устида жиддий ишласа, футболчи бўлиб етишади. 

Қаранг! Битта профессионал спортчининг пайдо бўлишида анжомнинг ўрни қандай.

Бизда футбол тўпининг нархи қанча, биласизми? Бошқа спорт снарядлари қанча туришидан ҳам хабарингиз бўлмаса керак? Мақола ёзиш асносида дўконлар ва бозордаги спорт анжомларининг нархлари билан қизиқдик. Анжомлар, айниқса тўплар уч турга бўлинар экан: Сифатсиз, сифатли ва профессионаллар учун мўлжалланган тўплар.

Ўртача нархлар: 

Футбол тўпи: 100 000 сўм (ўртача сифатдаги), 200 000 сўм (сифатли), 100 доллар (яхши сифатдаги тўп); 

Футбол оёқ кийими, кеда: 50 000, 160 000, 300 000 сўм;

Бутса: 110 000, 160 000, 300 000 сўм, 100 доллар;

Волейбол тўпи: 40 минг, 60 минг, 90 минг сўм;

Баскетбол тўпи: 40 минг, 70 минг, 150 минг сўм;

Стол тенниси ракеткаси: 40 000, 70 000, 300 000 сўм;

Стол тенниси доскаси: 550 000, 800 000, 1,5 млн сўм; 

Бокс қўлқопи: 40 000, 50 000, 80 000 сўм;

Бокс қопи: 130 000, 180 000, 220 000 сўм;

Гантеллар: 40 000, 80 000, 120 000 сўм;

Арғамчи (скакалка): 10 000, 20 000, 50 000.

Юқоридаги нархлар оиланинг топиш-тутиши, даромадига қараб арзон ёки қиммат бўлиши мумкин. Кўрсатилган суммаларни белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи билан солиштирсак, нархлар қимматлиги кўриниб қолади. Ота-она фарзанди учун тўп, бокс қўлқопи ёки гантелни ҳеч оғринмай сотиб оладиган нархда бўлиши керак!

Давлат ўз келажак авлоди соғлиги ва спортда эришажак муваффақиятларни ҳисобга олиб, болалар учун сифатли спорт анжомлари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиши, тадбиркорларга турли имтиёзлар бериши зарур. Ана шундай корхоналарга турли грантлар тақдим этилса, нархлар янада пасаяди.  

Вилоятларнинг биридаги туман марказида фаолият юритувчи алкогол дўконида бир кунда 200 шиша ароқ сотилар экан. Неча қути тамаки сотилишини суриштирмадик. Лекин, мана шу ҳудудда кунига нечта спорт анжоми, ёйинки тўп сотилишини сўраганимизда, жуда кам рақамлар айтилди. Тўғри, битта тўпни ёки теннис шаригини ойлаб ўйнаш мумкин. Кўплаб туманлар марказларида спорт дўконининг ўзи йўқ.

Интернет кафега кирсангиз ҳамма болани шу ерда кўрасиз. Ҳозирги ёшлар футболни очиқ ҳаводаги майдондан кўра мониторда, телефонда ўйнашни афзал билишяпти. Нега бундай?

Оммавий ахборот воситаларида минг хил товарлар рекламаси қўйилаверади, қўйилаверади. Спорт ва китоб рекламаси эса жуда-жуда оз...

Таълим масканларидаги спорт иншоотлари алоҳида мавзу. Чекка туманлардаги мактаб стадионлари, заллар ҳолати, уларнинг спорт анжомлари билан қай даражада таъминлангани спортдаги эртанги кун, келажагимиз эмасми?

Ҳар сафар футбол терма жамоамиз саралаш ўйинларини «ўз репертуарида» тугатгач, «миллионлар ўйини»ни ривожлантириш учун бир қатор ҳужжатлар қабул қилинади. Ушбу қарорлар ўша доимгидек ишлаб юрган спорт мутасаддилари қўлига тушиб, бир тўлқин сингари «реакция» билан ўтиб кетади. Олимпиада ўтгач ҳам худди шу ҳолат...

Қарорлар энг пастдаги бўғинга етиб бормаяпти.

Футболдаги энг нозик ва энг керакли мавзу

Мана Туркияда футболни ривожлантиришнинг оддий услуби қандай қўлланганини айтиб ўтиб кетсак. Спорт мутасаддилари мамлакатдаги барча маҳалла ва кўпқаватли уйлар ўртасига давлат томонидан сунъий футбол майдонлари қуриш ва уларни узлуксиз электр билан таъминлаш лойиҳасини амалга оширишган. Орадан ўн йил ўтиб, самара яққол билинган экан.   

Болалар футболи биринчи даражали масала 

«Қишлоқларда футболни зўр ўйнайдиган жайдари болалар кўп. Уларни жамоаларга олишмаяпти», деган гапга футбол мутахассисларимиз мийиғида кулиб қўяди. Уларнинг фикрича, ўз маҳалласида «лидер» бўлиб ўйнаётган бола футбол мактабидаги тарбияланувчилар билан майдонда тенглаша олмайди. Минг иқтидор бўлсин, «правила»ни билмайди. Жисмоний ҳолати ҳам ҳаминқадар. Профессионал футбол жамоалари асосан футболга ихтисослашган мактаб-интернатларни битирган футболчиларни ёки клубларнинг ўз мактабида тарбияланган футболчиларни сафига қўшиб олади. Бир томондан тўғри ҳам. Чунки, уларни турли мусобақаларда кўришган, кузатишган. Йиллар давомида собиқ иттифоқ давридан қолган услубларда машғулот ўтаётган футбол интернатларида эса бир хил, ўртача савиядаги футболни ўйнашни биладиган кўплаб ўйинчилар етишиб чиқади ва жамоаларимизни тўлдираверади.

Қишлоқларда ўтадиган турли мусобақаларда бирорта олий ёки биринчи лига мураббийининг футболчиларни кузатаётганини ҳам кўрмайсиз. Xўш, аслида ҳам чекка-чекка қишлоқларда иқтидорли футболчилар борми? Бор! 

Фақат ўша чекка жойда улар билан шуғулланадиган мураббийнинг ўзи йўқ! Мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси уларга футболдан илк сабоқларни беради. Лекин, бу - жуда саёз билим. БЎСМлар мураббийлари ҳудудлардаги мактабларда футбол тўгаракларини қай тартибда ўтиши эса ҳаммага аён. Анжомларсиз, эски услубли мураббийлар томонидан охирги ўн йиллар давомида бирор зўр иқтидор кашф қилинганини эшитмадик. Умумтаълим мактаб жамоалари ўртасидаги мусобақалар ҳам номига ўтади. 

Вилоят марказида фаолият юритувчи футболга ихтисослашган мактаб-интернатларига эса ҳамма ҳам фарзандини олиб боравермайди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси болалар футболини ривожлантириш учун ҳар бир туманда футбол бўйича таянч мактаблар ташкил қилса яхши бўлар эди. Тасаввур қилинг, вилоят марказидаги мавжуд футбол-интернатлари мураббийлари ўша туманларда машғулотлар олиб бориб жамоа шакллантиради. Қани эди ҳар катта қишлоқда бир дона электр чироқлари билан таъминланган сунъий қопламали майдон бўлса...

Савияли ва футбол қоидаларини мукаммал ўргатишга лаёқатли мураббий иқтидорларни кашф қилиши тайин. Йил давомида туманлардаги жамоалар ўртасида ташкил этиладиган тизимли мусобақалар эса иқтидорларни намоён қилишга туртки бўлади. 

Аввало, ЎФА ҳар бир вилоятга Европа мамлакатларидан футбол мураббийларини олиб келиб, ўзимизда фаолият юритаётган болалар мураббийларига замонавий футбол асосларидан курслар ташкил қилиши энг долзарб масала. Испан футболи мактаби Қатар термасига қандай таъсир ўтказганига эса Осиё кубоги баҳсларида гувоҳ бўлдик.   

Мақоламиз сўнгида юртимизда спортнинг оммавийлигини оширишга бўлган эътибор ҳам фақат қоғозларда қолиб кетаётганига тўхталсак. Яна юқоридаги гап. Бизда спортнинг тарғиботи, рекламаси суст. Спортдаги ҳар қандай ғалабанинг остида оммавийлик ётади. 

Миллат кишилари ҳар кун эрталаб кўчаларни тўлдириб югурса, ҳар кўчада спорт заллари бўлиб, улар ёшлар ила гавжум масканга айланса, чемпионлар ўз-ўзидан етишиб чиқаверади.

Элмурод Эрматов

Кўпроқ янгиликлар