Ўзига ўхшамас «Ювентус», 100 дақиқа давом этган ўйиндаги голлар ёмғири ва Италия чемпионатида турнинг бошқа воқеалари

Спорт 14:11 / 25.02.2019 14917

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 25-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС»НИНГ БЕЎХШОВ ҒАЛАБАСИ

«Ювентус» сафарда «Болонья» билан ўйнади. Туринликлар баҳсни жуда суст ўтказишди. Жамоа ҳимояда ишончли ўйнаган бўлса-да, ҳужумда фаоллик ва хилма-хилликни намойиш қилолмади. «Ювентус» Мадридда Чемпионлар Лигасидаги мағлубиятдан сўнг, ўзига келолмагандек туюлди. «Болонья» меҳмонларнинг босимини осонликча бартараф қилиб турди, ўзи ҳам қарши ҳужумлардан, стандарт вазиятлардан фойдаланишга уринди. 2-бўлимда мезбонлар ҳимоячиси Мбайе ҳисобни очиши шарт эди. Бироқ, унинг жуда яқин масофадан йўллаган зарбасидан сўнг, тўп дарвозабон Перинга тўғри келиб қолди.

 

67-дақиқада «Ювентус» ғалаба келтирувчи голни урди. Матюиди чап қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида, Мбайе уни қайтаришда хатога йўл қўйди. Тўп эса тўппа-тўғри Дибалага келиб тушди ва аргентиналик футболчи аниқ зарба йўллаб, уни дарвозага киритди.

Image

Қолган дақиқаларда жамоалар хавфли вазиятларни юзага келтира олмадилар ва «Ювентус» ғалабага лойиқ ўйнамаган бўлса-да, навбатдаги 3 очкони қўлга киритди. Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 69 очко билан пешқадамлик қилмоқда, «Болонья» 18 очко билан 18-ўринни эгаллаб турибди ва А Серияда жон сақлаш учун курашади.

Болонья – Ювентус 0:1 (0:0, 0:1)
24 февраль, «Ренато Далль'Ара» стадиони
Гол: 0:1 – 67 Дибала.
Болонья – Скорупски, Мбайе, Ларангейра, Хеландер, Дейкс, Сориано, Пульгар (Фальчинелли, 85), Поли (Донса, 78), Эдера (Орсолини, 52), Сантандер, Сансоне.
Ювентус – Перин, Де Шильо, Бонуччи, Ругани, Алекс Сандро (Дибала, 59), Бернардески (Кьеллини, 87), Бентанкур, Матюиди (Пьянич, 78), Жоау Канселу, Манжукич, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Пульгар (6), Бентанкур (16), Сансоне (74), Жоау Канселу (90).

«НАПОЛИ» ГОЛЛАР УРИШНИ БОШЛАДИ   

«Наполи» сафарда «Парма» билан ўйнади. Неаполликлар сўнгги 4та турда атиги 3та гол урган ва 3 марта дурангни қайд қилишган эди. Анчелотти шогирдлари бу сафар рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади ва дарвозага 4та тўп киритиб, йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритишди.

19-дақиқада Зелиньски жарима майдонига ёриб кириб, кучли зарба билан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. 36-дақиқада Милик жарима зарбасини қойилмақом тарзда амалга ошириб, ҳисобдаги фарқни иккитага етказди. 73-дақиқда унинг ўзи ҳимоячининг қўпол хатосидан фойдаланиб, дарвозабон билан юзма-юз чиқди ва уни доғда қолдирди. 82-дақиқада Унас гол уриб, якуний ҳисобнинг 4:0 бўлишини таъминлади.

Бу натижадан сўнг, «Наполи» 56 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа пешқадам «Ювентус»дан 13 очко ортда боряпти. «Парма» қаторасига 5та ўйиндан бери ғалаба қозонолмаяпти ва 29 очко билан 12-ўринга тушиб қолган.

Парма – Наполи 0:4 (0:2, 0:2)
24 февраль, «Эннио Тардини» стадиони
Голлар: 0:1 – 18 Зелиньски, 0:2 – 36 Милик, 0:3 – 73 Милик, 0:4 – 82 Унас.
Парма – Сепе, Якопони, Бруну Алвеш, Гальоло, Гобби, Пепин (Силигарди, 53), Ригони, Куцка, Биабиани (Гаццола, 83), Инглезе, Жервиньо (Скьяппакассе, 78).
Наполи – Мерет, Малькюи, Максимович (Луперто, 46), Кулибали, Хюсай, Кальехон, Аллан, Фабиан Руис, Зелиньски (Верди, 75), Мертенс, Милик (Унас, 80).
Огоҳлантиришлар: Ригони (28), Милик (38), Гальоло (85).

«ИНТЕР» 100 ДАҚИҚА ДАВОМ ЭТГАН ЎЙИНДА ҒАЛАБАНИ БОЙ БЕРДИ

«Интер» сафарда «бўйсунмас» «Фиорентина» билан ўйнади. Мезбонлар чемпионат давомида атиги 5 марта ютқазганини ҳисобга оладиган бўлсак, миланликларга осон бўлмаслиги аниқ эди.

1-дақиқадаёқ «Фиорентина» ҳисобни очди. Ўнг қанотдан уюштирилган тезкор ҳужумда тўп жарима майдонига етказилди. Ҳимоячиси де Врей эса уни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Бироқ, «Интер» тез орада ҳисобни тенглаштирди. Наингголан оширган тўпни Весино аниқ зарба билан дарвозага киритди. Бўлим охирида Политано узоқ масофадан зарба йўллаб, чиройли гол урди ва «Интер»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

2-бўлим «Интер» ҳужумлари билан бошланди. 52-дақиқада «Фиорентина» ҳимоячиси тўпни қўли билан ўйнагани учун пенальти белгиланди. Перишич уни голга айлантириб, ҳисобни жамоаси фойдасига 3:1 кўринишга келтирди. Аммо, «нерадзурри» ғалабани ушлаб қолишолмади. 74-дақиқада Муриэль жарима зарбасидан чиройли гол урган бўлса, қўшиб берилган дақиқаларнинг ўнинчисида (!) Верету пенальтидан ҳисобни тенглаштирди.  

Бу натижадан сўнг, «Интер» 47 очко билан 3-ўринда, «Фиорентина» эса 36 очко билан 10-ўринда бормоқда.

 Фиорентина – Интер 3:3 (1:2, 2:1)
24 февраль, «Артемио Франки» стадиони
Голлар: 1:0 – 1, автогол де Врей, 1:1 – 6 Весино, 1:2 – 40 Политано, 1:3 – 52, пенальти Перишич, 2:3 – 74 Муриэль, 3:3 – 90+10, пенальти Верету.
Фиорентина – Лафон, Лорини (Дабо, 79), Чеккерини, Витор Уго, Бираги, Бенасси (Пьяца, 57), Верету, Фернандеш, Кьеза, Симеоне (Муриэль, 58), Жерсон.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Далберт (Асамоа, 62), Весино, Брозович, Политано (Кандрева, 77), Наингголан (Валеро, 89), Перишич, Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Наингголан (57), Шкриньяр (64), Политано (71), Лафон (87), Брозович (89), Дабо (90).

«МИЛАН» ВА «РОМА» НАВБАТДАГИ ҒАЛАБАЛАРНИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ

Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган 4-ўрин учун курашаётган «Милан» ва «Рома» клублари бу турда ҳам ўз мухлисларини хурсанд қилишди. «Милан» ўз майдонида «Эмполи»ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Голлар Пёнтек, Кессие ва Кастильехо ҳисобига ёзилди. «Рома» сафарда аутсайдерлардан бири «Фрозиноне» билан ўйнади ва бироз «терлашига» тўғри келди. Римликлар фақат сўнгги сонияларда Жеко томонидан урилган гол эвазига 3:2 ҳисобидаги муҳим ғалабани қўлга киритишди.

Бу натижалардан сўнг, «Милан» 45 очко билан 4-ўринда, «Рома» эса 44 очко билан 5-ўринда бормоқда. 6-ўринни эгаллаб турган «Торино», «Аталанта» ва «Лацио» клублари ҳисобида 38 очко бор.

25-ТУРНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

22 февраль

Милан – Эмполи 3:0 (0:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 49 Пёнтек, 2:0 – 51 Кессие, 3:0 – 67 Кастильехо.

23 февраль
Торино – Аталанта 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 42 Иццо, 2:0 – 46 Яго Фальке.

Фрозиноне – Рома 2:3 (1:2, 1:1)
Голлар: 1:0 – 5 Чиано, 1:1 – 30 Жеко, 1:2 – 31 Пеллегрини, 2:2 – 80 Пинамонти, 2:3 – 90 Жеко.

24 февраль
Сампдория – Кальяри 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 66, пенальти Куальярелла.

Сассуоло – СПАЛ 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 43 Пелузо, 1:1 – 68, пенальти Петанья.
Четлатиш: Данкан (90, Сассуоло).

Болонья – Ювентус 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 67 Дибала.

Кьево – Женоа 0:0

Парма – Наполи 0:4 (0:2, 0:2)
Голлар: 0:1 – 18 Зелиньски, 0:2 – 36 Милик, 0:3 – 73 Милик, 0:4 – 82 Уна.

Фиорентина – Интер 3:3 (1:2, 2:1)
Голлар: 1:0 – 1, автогол де Врей, 1:1 – 6 Весино, 1:2 – 40 Политано, 1:3 – 52, пенальти Перишич, 2:3 – 74 Муриэль, 3:3 – 90, пенальти Верету.

Лацио – Удинезе ўйини бошқа санага қолдирилди

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

19 - Кшиштоф Пёнтек (Милан, 2), Криштиану Роналду (Ювентус, 5)
17 - Фабио Куальярелла (Сампдория, 5)
16 - Дуван Сапата (Аталанта, 1)
14 - Аркадиуш Милик (Наполи)
11 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Чиро Иммобиле (Лацио, 2)
10 - Андреа Петанья (СПАЛ, 2)

25-ТУРНИНГ РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ

А СЕРИЯ 26-ТУР ЎЙИНЛАРИ

1 март
Кальяри - Интер

2 март
Эмполи - Парма
Милан - Сассуоло
Лацио - Рома

3 март
Торино - Кьево
Женоа - Фрозиноне
СПАЛ - Сампдория
Удинезе - Болонья
Аталанта - Фиорентина
Наполи - Ювентус

ТУР ИҚТИБОСИ - «ЮВЕНТУС» БАНКЛАРГА 200 МИЛЛИОН ЕВРО ҚАРЗДОР»

«Наполи» президенти Аурелио Де Лаурентис «Ювентус» клубининг қарзлари жуда катта экани ҳақида гапирди.

«Жадвалда «Ювентус»дан орқада қоляпмиз? Бир футболчини сотиб олиш учун банклардан 200 миллион евро қарз олсанг, бу ғалабалардан маъно нима? Муваффақият қозониш сари тўғри йўлни излаш керак», - деб италиялик сўзларини келтирмоқда Sky Sport.

Эслатиб ўтамиз, «Ювентус» ёзда Криштиану Роналду трансфери учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади. Жамоа А Серияда 2012 йилдан бери шоҳсупани ҳеч кимга бермай келяпти.

ПЁНТЕК БИРХОФФНИНГ 20 ЙИЛ ОЛДИНГИ РЕКОРДИНИ ТАКРОРЛАДИ

«Милан» ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек А Серияда ўтказган дастлабки 4та ўйинида ҳам гол урди. «Россонери» футболчилари орасида сўнгги 20 йил ичида ҳеч ким бундай натижага эришмаган эди.

1998 йили германиялик ҳужумчи Оливер Бирхофф «Милан» таркибида ўтказган дастлабки 4та ўйинида ҳам гол урган эди. У 2001 йилга қадар «россонери» шарафини ҳимоя қилиб, 91та ўйинда 38та гол урган.

Пёнтек «Милан»га январда «Женоа» клубидан ўтди. Польшалик футболчи 19та гол уриб, А Серия тўпурарлари рўйхатида Криштиану Роналду билан бирга пешқадамлик қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар