Порошенко: Путин СССР тикланишини хоҳлайди

Жаҳон 08:19 / 23.02.2019 45116

Украина президенти Пётр Порошенконинг маълум қилишича, россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан фақат «куч позициясидан» фойдаланган ҳолда гаплашиш мумкин. Бу ҳақда у Fox News’га интервьюда айтиб ўтди.

Порошенконинг сўзларига кўра, Америка президенти маъмурияти «Путин хавфли эканини» тушунмоқда.

«У (Путин) Россия империяси, совет иттифоқи уйғониши, қайта тикланишини хоҳлайди. Унда ўз мақсадларига эришиш учун енгиб бўлмас чегаралар йўқ», - деди Порошенко.

Шунингдек, Порошенко Путин билан телефон орқали суҳбатлашишга бўлган муваффақиятсиз уриниш ҳақида гапирди.

Украина етакчисининг сўзларига кўра, сўнгги марта у Путинга 25 ноябрь куни қўнғироқ қилишга уринган.

«Мен унга «нима бўляпти?» деб сўраш учун қўнғироқ қилдим, у жавоб бермади», - деди Порошенко.

Унинг қўшимча қилишича, Путинда, эҳтимол, «айтиш учун ҳеч нарса» бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко Донбассдаги фалокат ва Россия танклари сони ҳақида гапирганди.

Кўпроқ янгиликлар