Маҳалла раислари сайловини такомиллаштириш таклифи берилди

Жамият 09:49 / 23.02.2019 4455

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларини сайлашни такомиллаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

“Маҳаллани бошқаришда раисларнинг роли катта. Маҳалла раисларини сайлаш учун биринчи навбатда номзоднинг руҳий соғломлигини текшириш, оилавий аҳволини тўлиқ ўрганиб чиқиш ҳамда ёш цензини 65 ёш этиб белгилаш керак. Чунки аҳолини бошқариш учун шахс жисмонан ҳамда маънан соғлом бўлиши, ўз оиласининг тинчлиги, осойишталигини таъминлай олган бўлиши керак. Юқоридаги талабларга жавоб берадиган номзод маҳалладагиларни ҳам ўз ортидан етаклай олади”, - дейилади петицияда.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартишлар киритишни таклиф қиламан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бўйича қарор қабул қилиши хабар берилганди.

Ҳужжат билан фуқаролар йиғинлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ихтиёрийлик асосида жалб этилган ва хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар