Колумбияда наркобарон Эскобарнинг уйи бузиб ташланди

Жаҳон 10:01 / 23.02.2019 16048

22 февралда Колумбиянинг Медельин шаҳрида 1993 йилда полиция билан отишмада ўлдирилган наркобарон Пабло Эскобар ўз оиласи билан яшаган, “Монако” номи билан маълум бўлган уй бузиб ташланди.  

8 қаватли уй назорат қилинувчи портлатиш ёрдамида бузиб ташланган. Уй ўрнида наркомафия қурбонлари хотирасига ёдгорлик мажмуаси барпо этишга ваъда қилинган. Бино шаҳар ғарбидаги Эль-Побладо деб номланган нуфузли туманда жойлашган бўлган. Эскобар бу уйни 1988 йилда унга суиқасд уюштирилгандан кейин тарк этган.

2018 йил сентябрда шаҳар маъмурияти Эскобарга бағишланган уй-музейни ёпишга қарор қилганди. Музей Эскобарнинг акаси томонидан бошқарилган.

Пабло Эскобар ХХ асрнинг энг ашаддий жиноятчиларидан бири сифатида тарихга кирган. Эскобар ҳақидаги кўплаб китоблар, Медельиндаги у билан боғлиқ сайёҳлик турлари сабабли шаҳарнинг баъзи одамлари наркобароннинг ҳаёти қаҳрамонлаштирилиши ва афсонага айлантирилишидан хавотир билдиришган.   

Ўтган ҳафта Эскобар эрмак учун кўп йиллар аввал ўз ер мулкида боққан 3 тонналик бегемотлар кўпайиб кетгани ва катта ҳудуд бўйлаб тарқалиб кетгани маълум қилинган. Экологлар ушбу жонзотларни маҳалий аҳоли ва табиат учун хавфли деб ҳисоблашмоқда. Ўтган йиллар давомида уларнинг сони 4 тадан 50 тагача кўпайган.

Эскобарнинг ҳайвонат боғида бегемотлардан ташқари, каркидон, фил ва жирафалар каби юзлаб экзотик ҳайвонлар сақланган.

Кўпроқ янгиликлар